Сурхондарё
вилояти Ҳокимлиги
Главная Хокимлик янгиликлари Тўра Боболов: Бир ёқадан бош чиқариб ишласак, халқимиз ҳаёти янада обод, турмуши фаровон бўлади
Тўра Боболов: Бир ёқадан бош чиқариб ишласак, халқимиз ҳаёти янада обод, турмуши фаровон бўлади
2020-12-19 / 114

Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоят ҳокими Тўра Боболов ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида жорий йилда амалга оширилган ишлар ва 2021 йилга мўлжалланган режалар юзасидан аҳолига мурожаат қилди.

Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари, вилоят ташкилот ва корхоналар раҳбарлари шунингдек, жойларда ҳалқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари, барча бўғиндаги ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, нодавлат ташкилотлар, жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган сессияда вилоят раҳбари ўтаётган йилда ҳам “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”деган, эзгу ғоя фаолиятининг асосий мезони бўлганини таъкидлаб, бу борада олиб борилган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Воҳада халқ билан очиқ ва самарали мулоқот олиб бориш тизимининг йўлга қўйилганлиги фуқароларнинг кўплаб мурожаат ва муаммолари қонуний ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, жорий йил давомида бевосита вилоят ҳокими 24 марта фуқаролар билан сайёр қабул ўтказиб, 2 минг 854 мурожаатни тинглади. Шу кунгача уларнинг 2 минг 53 таси ёки 72 фоизи қаноатлантирилди. 801 тасига тегишли тушунтиришлар берилди. 180 таси ижро этилиш арафасида турибди. Шунингдек, фуқаролардан 42 минг 631 мурожаат келиб тушди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 32 фоизга камдир.

Ўтаётган йилда воҳанинг олис ва чекка ҳудудларидаги тоғли қишлоқларда ҳам сайёр қабуллар ташкил этилиб, уларнинг муаммолари ўрганилди. Жумладан, Сариосиё тумани марказидан 100 километр узоқдаги тоғли “Карш” қишлоғида бўлиб ўтган қабул асосида қишлоққа олиб борувчи йўллар таъмирланди, янги трансформатор қўйилди, алоқа антенаси ўрнатилди. Эски мактабни таъмирлаб, спорт зали қуриш ишлари бошланди. Лекин, вилоятнинг барча ҳудудларида аҳоли мурожаати билан ишлаш тизими яхши йўлга қўйилган, деб бўлмайди. Масалан, ўтган йилга нисбатан Денов туманида аҳоли мурожаатлари 1 минг 531 тага, Шеробод туманида 1 минг 233 тага, Жарқўрғон туманида 934 тага, Термиз шаҳрида 675 тага, Узун туманида 326 тага ошган.

– Ер ости ва ер усти бойликларига жуда бой воҳада яшаймиз, –деди Т.Боболов. – Президентимиз яратиб берган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, уларни ўзлаштириш халқимизнинг турмуш даражасини оширади ва одамларнинг бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшашига хизмат қилади. Ҳудуднинг иқтисодий ривожлантирилиши авваламбор, вилоятда мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиб, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаган ҳолда янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш билан боғлиқ. Дунёда жиддий ташвиш ўйғотган якунланаётган йилда бу борада олиб борган ишларимиз ҳам ўз самарасини бермоқда. Бу йўлда бир ёқадан бош чиқариб ишласак, халқимиз ҳаёти янада обод,турмуши фаровон бўлади.

Таькидландики, бу йил вилоятда 1,6 триллион сўмга тенг бўлган 448 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган эди. Амалда қиймати 2,4 триллион сўмга тенг 733 та лойиҳа ишга туширилиб, 6,4 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Жумладан, саноат соҳасида 802 миллиард сўмлик 191 та, қишлоқ хўжалигида 849 миллиард сўмлик 338 та, хизмат кўрсатишда 753 миллиард сўмлик 204 та лойиҳа фойдаланишга топширилди. Масалан, Олтинсой туманида қиймати 85 миллиард сўмлик 200 ўринли “Хўжаипок” замонавий соғломлаштириш маркази, Бойсун туманида “Бойсун Лано” масьулияти чееланган жамиятининг қиймати 10 миллиард сўмлик йилига 17 минг тонна қўй жунидан ланолин ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди.

Жорий йилда вилоятда 7 минг 163 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Соҳани ривожлантириш учун тижорат банклари томонидан 3 триллион сўмдан зиёд кредит маблағ берилди. Ушбу маблағнинг 465 миллиард сўми “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида, 47,7 миллиард сўми “Ҳунармандчиликни ривожлантириш дастури” доирасида имтиёзли кредит маблағи ажратилди.

Вилоятни ҳар тарафлама юксалтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида йил якунида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 25,7 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 102,8 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Сессияда ялпи ҳудудий маҳсулотда саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалар ҳажми, маҳаллий бюджет даромадлари, аҳоли даромадлари, режадан ортиқча олинган маблағларнинг сарфланиши, эркин иқтисодий зоналар фаолияти, хорижлик ҳамкорлар билан алоқалар ҳақида етарли маълумот берилди.

Воҳанинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти чуқур таҳлил қилинган мурожаатда эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликлар руй-рост тилга олинди. Мисол учун, Жарқўрғон туманида 14 та корхона 139 миллиард сўмга, Шеробод туманида 20 та корхона 44 миллиард сўмга, Термиз шаҳрида 35 та корхона 56 миллиард сўмлик, Сариосиё туманида 14 та корхона 28 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлар ўтган йилга нисбатан кам ишлаб чиқарилгани алоҳида қайд этилди.

Вилоятда меъёрга нисбатан 7 минг 518 та хизмат кўрсатиш шаҳобчаси етишмайди. Ангор, Бойсун, Қизириқ, Қумқўрғон, Музработ, Олтинсой, Термиз, Узун, Шеробод ва Бандихон туманларида биронта кийимларни кимёвий тозалаш шахобчаси Ангор ва Бандихон туманида меҳмонхона хизмати йўқ.

Тадбиркорликни янада ривожлантириш, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун 20 та кичик саноат зонаси ташкил этилди. Шундан жорий йилда янгидан 9 та кичик саноат зонаси фаолияти йўлга қўйилиб, қиймати 150 миллиард сўмга тенг 75 та лойиҳанинг 46 таси ишга туширилди.

Воҳада 21 та импорт ўрнини босувчи махсулот ишлаб чиқариш лойиҳасини ишга тушириш натижасида 37 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.Саноат маҳсулотларини импорт қилиш кўрсаткичлари 2018 йилга нисбатан 137,9 миллион долларга камайди.

Аҳолига мурожаатда ҳудуднинг экспорт салоҳияти, қурилиш ва аграр соҳада олиб борилган кенг қамровли ишларга ҳам эьтибор қаратилди. Аҳолини электр энергияси, газ, ичимли сув билан таьминлаш,озиқ-овқат хавфсизлиги борасида амалга оширилаётган ишлар, келгусидаги режалар таҳлил қилинди.

Коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган карантин даврида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш юзасидан кўрилган изчил чоралар,таьлим,тиббиёт ва мактабгача таьлим тизимида юз берган ўзгаришлар, "Темир дафтар", "Аёллар ва ёшлар дафтар"ларига кирган фуқаролар билан ишлашнинг аҳволи ва Янги йилдаги режалари юзасидан ҳисобот берилди.

Сессияда вилоят ҳокими йил давомида амалга оширилган ислоҳотлар, йўл қўйилган камчиликларни рўй-рост қайд этди. Янги йил учун белгилаб олинган "йўл харитаси" ва унинг ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги ўрнига алоҳида тўхталди. Саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, хизматлар кўрсатиш, туризмни ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлигига эьтибор қаратилди. Воҳанинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти ва барча йўналишларида юз берган улкан ўзгаришлар, 2021 йилда амалга ошириладиган янгиланишлар слайдлар орқали ҳам намойиш этилди.

Сессия якунида ташкил этилган матбуот анжуманида вилоят ҳокими журналистлар ва блогерларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

 

 

 

 

 

 

 

 

Тадбир доирасида вилоятда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳамда миллий ҳунармандлик буюмлари кўргазмаси ташкил этилди.

 

 

 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА

 

Фотогалерея
Сўровнома
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?

Богланиш
Янгиликларга обуна булиш
E-mail манзилингизни киритинг ва сайтимизнинг янгиликлари ва фойдали маслахатларини тугридан тугри электрон манзилингиз оркали олинг.