Сурхондарё
вилояти Ҳокимлиги
Главная Хокимлик янгиликлари Сурхондарёлик миришкорлар жорий йилда 94,3 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилди
Сурхондарёлик миришкорлар жорий йилда 94,3 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилди
2020-12-13 / 95

Термиз шаҳридаги муҳташам Санъат саройида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унда секторлар раҳбарлари, илғор фермер ва деҳқонлар, механизаторлар, сувчилар, тажрибали томорқа ер эгалари, соҳага хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ва қайта ишлаш корхоналари вакиллари иштирок этди.

Маросимда вилоят ҳокими Тўра Боболов қишлоқ хўжалиги ходимларини касб байрамлари билан самимий табриклаб, коронавирус пандемияси жаҳонга чанг солган жорий йилги карантин чекловлари даврида ҳам йил ўн икки ой ер билан тиллашиб яшайдиган фермер ва деҳқонлар барча синовларни мардонавор енгиб, мўл ҳосил етиштиргани ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда фидокорона меҳнат қилганини алоҳида таъкидлади.

 

 

Бу йилги мураккаб шароитда маъмурчилигимиз бунёдкорлари эришган ютуқларда кейинги йилларда соҳага қаратилаётган эътибор, уларнинг бой билими, тажрибаси ва омилкорлик билан иш юритгани,соҳага илм-фан ютуқлари,инновацион технологиялар жорий этилаётгани муҳим омил бўлди.

Якунланаётган йилда пахта ҳосилининг 93 фоизини пахта-тўқимачилик кластерлари етиштирди. Жарқўрғон туманидаги “Термез Жайхун кластер” пахта-тўқимачилик кластери мўл ҳосил етиштириб, соҳадаги янги тизимнинг самараларини кенг намоён этди. Шунга мувофиқ келгуси йилдан пахта етиштиришни тўлиқ кластер усулига ўтказиш мўлжалланмоқда. Шунингдек, дон етиштиришда 8 та ғаллачилик кластери фаолият юритди. 13 та мева-сабзавотчилик, 2 та қоракўлчилик, 2 та пиллачилик кластерлари ташкил этилди. Паррандачилик, чорвачилик, шоличилик кластерларини жорий этиш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

 

 

Мамлакатимизда бошоқли дон экинларидан юқори ҳосил етиштиришни рағбатлантириш тизими жорий этилгани тўкин ва фаровон турмушимизни таъминлашда ўз самараларини бераётир. Хусусан, ўтаётган йилда вилоятнинг Ангор, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Денов каби туманларида ғалладан 65-69 центнердан ҳосил олинди. 228 минг тонна дон деҳқон ва фермерлар ихтиёрида қолдирилди. Давлатимиз раҳбарининг қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган байрам табригида Термиз туманидаги “Даврон Намуна” фермер хўжалигининг юқори ҳосилдорликка эришгани алоҳида эътироф этилгани ҳам бунга яққол далилдир.

 

 

 

Вилоятда етиштирилаётган экологик тоза, эртапишар ва сервитамин қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига жаҳон бозорида эҳтиёж ортиб бораётир. Хусусан, йилнинг ўтган даврида вилоят миришкорлари дунёнинг Россия, Туркия, Украина, Хитой, Афғонистон, Тожикистон, Қозоғистон, Беларусь, Туркманистон ва Қирғизистон каби давлатларга 94,3 миллион долларлик турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиниб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 104 фоизга етди.

 

 

 

Жорий йилда 3 минг 797 гектар майдонда сув тежовчи технологиялар ўрнатилиб, 889 гектар янгидан интенсив боғ, 1 минг 17 гектар узумзор, 74,4 гектар майдонда 185,4 миллиард сўмлик 28 та иссиқхона ташкил этилди. Шеробод туманида “Шеробод Агро Импекс” масъулияти чекланган жамиятининг 23 гектарда қиймати 118 миллиард сўмга тенг гидропоника усулидаги иссиқхона ҳамда “JO'RAEV FRUITS” масъулияти чекланган жамиятининг 32,1 миллиард сўмлик 8 гектар замонавий иссиқхона лойиҳаси, Термиз туманида “ГОЛД АГРО ФРЕШ” масъулияти чекланган жамиятининг 25 миллиард сўмга тенг мева-сабзавотларни етиштириш, қайта ишлаш корхонаси, Жарқўрғон туманида 34 миллиард сўмлик 400 минг бош, Шўрчи туманида “Шўрчи Мароканд парранда” масъулияти чекланган жамиятининг 3,1 миллиард сўмлик 48 минг паррандага мўлжалланган комплекси ишга туширилди.

 

 

Бандихон туманида қиймати 26,3 миллиард сўм бўлган 25 гектарлик интенсив боғ, Музработ туманида 260 гектарга 16,4 миллиард сўмга тенг узумчилик боғи, Узун туманида лойиҳа қиймати 10 миллиард сўмлик 80 гектар майдонда токзор ташкил этилди. Олтинсой туманида 300 гектарда қиймати 16,6 миллиард сўмлик боғдорчилик кластери ҳамда 40 миллиард сўмлик 1 минг 400 тонна сиғимга эга музлаткичли омборхона барпо этилди.

 

 

Тадбирда бир гуруҳ қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳамда хизмат кўрсатувчи, таъминотчи, қайта ишлаш тармоқлари ходимлари самарали меҳнати, эришган ютуқлари, соҳанинг ривожига қўшган муносиб ҳиссаси учун Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг “Қишлоқ хўжалиги фидойиси”, “Сув аълочиси”, “Илғор фермер”, “Намунали томорқачи”, “Меҳнаткаш деҳқон” каби кўкрак нишонлари ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари, қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

 

 

 

 

Байрам муносабати билан вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасида ҳам бир гуруҳ соҳа ходимларининг шарафли меҳнати муносиб рағбатлантирилди.

Тантанали маросимда санъаткорларнинг қизиқарли концерт дастури намойиш этилди.

 

 

 

 

Фотогалерея
Сўровнома
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?

Богланиш
Янгиликларга обуна булиш
E-mail манзилингизни киритинг ва сайтимизнинг янгиликлари ва фойдали маслахатларини тугридан тугри электрон манзилингиз оркали олинг.