Сурхондарё
вилояти Ҳокимлиги
Главная Хокимлик янгиликлари ВИЛОЯТДА ЭЛЕКТР ТОКИ УЗИЛИШИ БИЛАН БОҒЛИҚ ҲОЛАТЛАР ЮЗАСИДАН ИСТЕЪМОЛЧИЛАРГА МУРОЖААТ
ВИЛОЯТДА ЭЛЕКТР ТОКИ УЗИЛИШИ БИЛАН БОҒЛИҚ ҲОЛАТЛАР ЮЗАСИДАН ИСТЕЪМОЛЧИЛАРГА МУРОЖААТ
2019-11-30 / 54

 

Азиз воҳадошлар, ҳурматли электр энергияси истеъмолчилари!

Сўнгги пайтларда электр токи узилиши билан боғлиқ ҳолатлар вилоятнинг айрим ҳудудларида аҳоли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Бу масалани ижобий ҳал этиш бўйича мамлакатимизда зарур чора-тадбирлар кўрилаётган бир пайтда мазкур вазият бўйича турли гап-сўзлар юритилиб, ижтимоий тармоқларда ҳам ҳар хил фикрлар билдирилмоқда. Лекин, бу ҳақда мулоҳаза юритишдан аввал масаланинг моҳиятини тушуниш, уни келтириб чиқарган омиллар ҳақида тегишли тасаввурга эга бўлиш муҳим аҳамият касб этади. Шу жиҳатларни эътиборга олиб, Сизларга мурожаат этиш баробарида тез кунларда вилоятимиз электр энергияси таъминотидаги узилишларга чек қўйилишини маълум қилмоқчимиз. Зеро, халқимизнинг қонуний манфаатларини, фаровон турмушини таъминлаш давлатимиз учун ҳар нарсадан устундир.

Қадрли истеъмолчилар!

Энергетика тизими электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш бир пайтнинг ўзида истеъмол қилишга йўналтирилиши билан бошқа ишлаб чиқариш соҳаларига қараганда мураккаб тармоқ ҳисобланади. Ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш ўртасида энергия балансини узлуксиз таъминлаш талаб этилади. Бу мувозанатни сақлаш эса мураккаб вазифадир. Аслида дунёнинг ривожланган давлатларида ҳам энергоресурсларни ишлаб чиқариш ва истеъмолчи ўртасида мувозанат ўрнатиш ўта оғир иш бўлиб қолмоқда. Агар мувозанатни бир меъёрда сақлаш таъминланмаса энерготизимда пайдо бўлган зўриқиш сабабли турли йирик авариялар юз бериб, муайян ҳудудларнинг узоқ вақт энергиясиз қолишига олиб келиши мумкин. Шунга мувофиқ Сурхондарё магистраль электр тармоқлари корхонаси диспетчерлари белгиланган тартибга кўра, мувозанат таъминланмаган ҳудуддаги юқори кучланишли электр линияларини тармоқдан вақтинча 2-3 соатга узиб, хавфсизликни таъминлаш амалиётини қўллашга мажбур бўлмоқда.

Истеъмолчиларнинг бу жараёндан тўлиқ хабари йўқлиги сабабли ҳам одамлар орасида айрим нотўғри фикрлар пайдо бўлмоқда. Шу боис халқимиз бугун энергия тизимида истеъмолчи юкламасининг ортгани ва бу муаммонинг ечими топилганини тўғри тушунишини истаймиз. Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари сингари Сурхон воҳасида ҳам йирик саноат корхоналари ва бошқа ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш тармоқлари қурилиб, ишга туширилмоқда. Янги кўп қаватли уйлар, замонавий лойиҳалар асосидаги турар-жой массивлари, ижтимоий соҳа обьектлари бунёд этилмоқда. Бу электр энергиясига бўлган эҳтиёжни ошириб, энергия истеъмолининг интенсив ўсишига олиб келмоқда. Жумладан, 2018-2019 йиллар давомида 135 мегават қувватдаги йирик ва кичик корхоналар ишга туширилган бўлиб, у вилоятнинг ўтган давр давомида уланган 450 мегават қувватига 30 фоиз қувват қўшди. Масалан, Шеробод туманидаги “Шерободцемент” корхонаси, “Шерободтекстилинвесть” масъулияти чекланган жамияти, Ўзбекистон темир йўллари АЖга қарашли Термиз-Тошкент йўналишида қатновчи ёқилғи билан юрувчи поездларнинг ўрнига қуввати 10,0 мегаваттли электропоездлар, Термиз шаҳридаги “Амудартексь” комбинати, Жарқўрғон туманидаги “Сурхонцементинвесть” цемент заводи, Денов туманидаги “Деновтекстиль” фабрикаси сингари 20 га яқин йирик ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилди. Термиз шаҳри ва туманларда бирин-кетин қад ростлаётган кўп қаватли уйларнинг электр таъминоти қуввати ҳам 30,0 меговаттни ташкил этмоқда. Бунинг натижасида вилоятимиз истеъмолчиларининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи кундан-кунга ошиб бормоқда.

Барча турдаги истеъмолчиларнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи эътиборга олиниб, мамлакатимиздаги энергоблоклар модернизация ва реконструкция қилинмоқда. Шунингдек, янги энергоблокларни қуриш режалаштирилмоқда. Хусусан, вилоятнинг Сариосиё туманидаги Тўпаланг ГЭС кенгайтирилиб, қуввати оширилмоқда. Термиз туманида қуввати 900 мегават (мВт) бўлган иссиқлик электр электр станцияси қурилиши режалаштирилмоқда. Соҳа мутахассислари куз-қиш мавсумида электр тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлаш учун йирик ҳажмдаги электр узатиш тармоқлари ва кўплаб трансформатор пунктларини мукаммал ҳамда жорий таъмирлади.

Азиз истеъмолчилар!

Мамлакатимизда куз-қиш мавсумида ижтимоий-иқтисодий соҳа объектларининг барқарор ишлашини, аҳоли хонадонларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш учун “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти яқин қўшнимиз Туркманистон Республикасининг “Туркманэнерго” давлат электр энергетика корпорацияси билан 2019-2020 йилларда электр энергиясини импорт қилиш бўйича келишувга эришди. Ишонтириб айтамизки, бу яқин кунларда тармоқдаги чекловларни кескин камайтириб, вақтинчалик узилишларга барҳам беради. Қишли-қировли кунларда тунги пайтлар хонадонларимиз, кўча ва хиёбонлар чароғон бўлиб туради. Демак, бу масалада ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ.

Муҳтарам воҳадошлар!

Мавриди келганда шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган электр энергияси таъминотидан оқилона фойдаланишга ундаймиз. Қўлбола электр иситиш печларидан фойдаланмасликни, замоновий светодиод лампалар, энерготежамкор электр жиҳозларини ишлатишингизни ҳамда истеьмол қилинаётган электр энергияси учун тўловларни ўз вақтида амалга оширишингизни сўраймиз.  

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги

Фотогалерея
Сўровнома
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?

Богланиш
Янгиликларга обуна булиш
E-mail манзилингизни киритинг ва сайтимизнинг янгиликлари ва фойдали маслахатларини тугридан тугри электрон манзилингиз оркали олинг.