Сурхондарё
вилояти Ҳокимлиги
Главная Хокимлик янгиликлари Раддия. Эл-юртга хизмат қилганларни халқ ҳимоялайди
Раддия. Эл-юртга хизмат қилганларни халқ ҳимоялайди
2020-01-09 / 52

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги 2020 йилнинг 7 январь куни ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинган “Сурхон ҳокими Боболовнинг қалқони ким?” номли мақола юзасидан қуйидагича раддия билдиради:

Мақола аввалида келтирилганидек, Сурхондарё вилояти ҳар доим ўзининг мард, танти, олийжаноб фарзандлари билан ном қозониб келган. Дарҳақиқат, ҳар бир юртнинг номини унинг асл фарзандлари машҳур қилади, оламга ёяди, тилларга достон қилади. Бунинг учун исталганча мисолларни келтириш мумкин. Афсуски, халқимизда “Дарахтнинг қурти ўзидан чиқади”, деган пурмаъно гап бор. “Гуруч курмаксиз бўлмайди” деганлари шудир аслида. Ўзи туғилиб ўсган юртга тош отиб, ёлғону-бўҳтонлардан ўзини тиймайдиган, мудом ғаразгўйлик, фитна-фасодни касб қилиб олган кимсаларни элнинг ўзи бир четга суриб чиқаради. Бунга ҳам мисоллар кўп...

Афсуски, юқорида номи келтирилган мақола ғаламисликнинг маҳсулидир. Унда бошдан охир нохолислик билан ёндашилган. Бинобарин, сўз эркинлиги дегани, бу – исталган одамни ҳақорат қилиш, туҳмат ёғдириш мумкин, дегани эмас. Мақолада номлари келтирилган фуқаролар Ҳ. Пўлатов, М. Абдураимов Бойсун таманида ўтказилган сайёр қабул чоғида туман ҳокимини ҳақорат қилгани, жамоат жойида ҳуқуқбузарликларни амалга оширгани учун жавобгарликка тортилгани кўпчиликка яхши маълум. Бу ҳолатга бошқача “Тўн кийдириш” ножоиз.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ишонч билдирилиб, Сурхондарё вилоятининг биринчи раҳбари лавозимига киришганидан буён Тўра Боболовнинг ўз вазифасини астойдил бажаришга бўлган интилиши, ҳаракати ва азму-шижоатини бутун воҳа аҳли кўриб, билиб турибди. Бунинг учун “адвокатларга” сира эҳтиёж йўқ.

Мақолада пахтачилик ҳақида бир қатор уйдирмалар келтирилган. Аслидачи? 2019 йилда вилоятнинг кластер корхоналари 93 минг гектар пахта майдонининг ҳар гектаридан ўртача 29,9 центрнердан ҳосил кўтариб, катта даромадга эришди.

Инвестицион муҳит ҳақида ҳам нотўғри фикрлар билдирилган. Мана факт-рақамлар нима дейди: Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида 2019-2021 йилларда 1247 та инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган. 2019 йилнинг ўзида 600 га яқин инвестицион лойиҳалар амалга оширилди, минглаб янги иш ўринлари яратилди.

2016 йилда вилоят маҳаллий бюджети харажатларининг 50 фоизи республика бюджетидан молиялаштирилган. 2019 йилда бюджет даромадлари 2016 йилга нисбатан 2,5 баробар, 2017 йилга нисбатан 2 баробар, 2018 йилга нисбатан 1,5 баробарга ортди.

“Сурхон ҳокими Боболовнинг қалқони ким?” номли мақолада шунингдек, вилоят ҳокими кадрлар сиёсатида таниш-билишчиликка йўл қўяётгани ҳақида ҳам иддао қилинган. Булар ҳам бўҳтондан иборатдир. Мана масалан, мақолада ёзилганидек, “Сурхон тонгги” газетасининг янги раҳбари ҳам вилоят ҳокимига қариндош эмас. Ҳокимлик фаолияти давомида Т. Боболов ҳеч бир қариндошини юқори лавозимга тайинламаган...

Т. А. Боболов вилоят раҳбари сифатида жуда тиғиз кун тартиби асосида фаолият олиб бормоқда. Чунки, хизмат-вазифа талаби, тезкор иш жараёни шуни тақозо этаяпти. Эътиборли томони, вилоятнинг турли ҳудудларида ўтказилаётган сайёр қабуллар асносида одамларни қийнаб келаётган у ёки бу муаммолар тезда ўз ечимини топаётир.

Президентимизнинг “Давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган даъватлар бугун амалда катта-кичик раҳбарлар фаолиятининг бош мезонига айланган. Жамият ҳаётида қўлга киритилаётган ютуқ ва натижалар ҳам шунга муносиб бўлмоқда. Демакки, ҳар қандай фаолиятга баҳони халқнинг ўзи беради. Эл-юртга хизмат қилганларни халқ ҳимоялайди, қалқон бўлади...

Фотогалерея
Сўровнома
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?

Богланиш
Янгиликларга обуна булиш
E-mail манзилингизни киритинг ва сайтимизнинг янгиликлари ва фойдали маслахатларини тугридан тугри электрон манзилингиз оркали олинг.