Сурхондарё
вилояти Ҳокимлиги
расмий сайти
Главная Хокимлик янгиликлари Тўра Боболов вилоят аҳолисига мурожаат билан чиқди
Тўра Боболов вилоят аҳолисига мурожаат билан чиқди
2020-03-19 / 50

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов вилоят секторларлари раҳбарлари билан биргаликда маҳаллий телевидение орқали чиқиш қилиб, аҳолига коронавирус пандемиясидан ортиқча саросимага тушмасликка, бу касалликка қарши курашиш учун зарур чора-тадбирлар белгилангани ҳақида маълум қилди.

- Маълумки, 15 март куни Бош вазир томонидан ўтказилган матбуот анжуманида бу вирусга қарши мамлакатимизда амалга оширилган ишлар, жорий ҳолат, изоляцияга олинган шахслар ва аниқ режалар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим қилинди.

Мамлакат миқёсида каратин жорий этилиб, оммавий тадбирлар бекор қилинди, қўшни давлатлар билан чегаралар ёпилди.

Шундан келиб чиқиб, вилоятимизда коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, 16 март куни вилоят ҳокимлигида ва вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасида тегишли бошқарма, корхона ва ташкилотларнинг масъул ходимларидан иборат амалга оширилаётган чора тадбирларни мувофиқлаштирувчи доимий ишловчи штаб фаолияти ташкил этилди.

Вилоятдаги барча йўловчи ташувчи корхоналар раҳбарлари иштирокида инфекция тарқалишини олдини олиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар юзасидан йиғилиш ўтказилиб, барча йўловчи ташувчи корхоналарга дезинфекция ишлари билан шуғулланувчи корхоналар бириктирилиб, ҳар куни икки маротаба жамоат транспортларини дезинфекция қилиш тизими йўлга қўйилди.

Айни пайтда вилоятдаги юқумли касалликлар шифохоналарида 155 ўрин ҳамда керакли дори-дармон воситалари тайёрлаб қўйилган. Шунингдек, хориждан қайтиб келадиган фуқаролар учун 250 ўринли обсервация карантин ўринлари шакллантирилди. Ушбу муассасаларда 13 турдаги санитар-гигиеник воситалар жамланмаси мавжуд.

Энг муҳими, аҳоли ўртасида ортиқча ваҳима уйғотмаслик, бозорлардаги нарх-навонинг сунъий ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида бозорлар ва савдо комплексларда савдо ярмаркалар ташкил этилди, озиқ-овқат захиралари етарли шакллантирилди.

Шунингдек, солиқ ва департамент идоралари ходимлари томонидан бозорлар ва йирик савдо мажмуаларида мониторинг ишлари ташкил этилди ва нархларни асоссиз оширганларга қонуний чоралар кўрилмоқда.

Вилоят “Сурхон Дори-дармон” МЧЖ тасарруфидаги 210 та ижтимоий дорихоналар захираси тўлиқ шакллантирилди. Хусусан, ушбу дорихоналарга вилоятдаги 10 га яқин тикув-трикотаж корхоналари томонидан кунига 50 минг дона тиббий ниқоб (маска) етказиб берилиши ва ниқобларнинг нархини 1000 сўмдан оширмаслик чоралари кўрилди ва бу доимий назоратга олинган. Маълумот учун: “Сурхон Дори-дармон” МЧЖ омборида бугунги кун ҳолатига 4 тонна гипохлорид калций, перекис водород 628 кг, 96%ли спирт 1800кг каби дезинфекция воситалари мавжуд.

Шу билан бирга мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб, пандемия баҳонасида аҳолини қўрқув ва ваҳимага солиш, бу орқали тинч, барқарор муҳитни издан чиқаришни мақсад қилган ҳолда тарқатилаётган хабарларга нисбатан тезкор муносабатлар билдирилиб, аҳолига етарли даражада тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Коронавирус пандемияси билан боғлиқ хабарлар барчамизни бирдек хавотирга солаётир. Аммо бугун ҳукуматимиз ва тегишли ташкилотлар томонидан Сизу бизнинг хавфсизлигимиз борасида тизимли ишлар олиб борилаётганини асло унутмаслигимиз лозим. Фақат бундай пайтларда барчамиздан вазминлик, мавжуд ҳолатни реал баҳолай олиш ва мутахассислар тавсиясига қатъий риоя қилиш талаб этилади.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича халқимизга қилган мурожаатида ҳам ҳеч қандай хавотир ва ваҳимага берилмасдан, аксинча, бир тану бир жон бўлиб, хотиржамлик билан иш тутиши, белгиланган гигиеник талабларни ўз вақтида бажариб туришлари айни пайтдаги энг тўғри йўл эканлигини алоҳида таъкидладилар.

Бинобарин, бугун дунё ҳамжамиятини ўзига хос синовдан ўтказаётган коронавирус пандемиясини ортиқча хавотир ва саросималарсиз енгиб ўтишга ақлимиз ҳам, қурбимиз ҳам етади. Ишончимиз комилки, ушбу синовли дамлар бутун ўзбек халқини янада бирлаштиришга хизмат қилади. Ушбу пандемиядан аҳолимизни эҳтиёт қилиш чораларини кўриш мақсадида эса вилоятда мен бошчилик 4 та сектор ва вилоятдаги барча ташкилотлар раҳбарлари, бутун жамоатчилик, тиббиёт ходимлари бор имкониятимиз ва куч-ғайратимизни сафарбар этамиз, - дейди вилоят ҳокими ўз мурожаатида.

Фотогалерея
Сўровнома
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?

Богланиш
Янгиликларга обуна булиш
E-mail манзилингизни киритинг ва сайтимизнинг янгиликлари ва фойдали маслахатларини тугридан тугри электрон манзилингиз оркали олинг.