Сурхондарё
вилояти Ҳокимлиги
расмий сайти
Главная Хокимлик янгиликлари Сурхондарёда “Хўжаипок” санаторий-соғломлаштириш ва дам олиш мажмуаси фойдаланишга топширилди
Сурхондарёда “Хўжаипок” санаторий-соғломлаштириш ва дам олиш мажмуаси фойдаланишга топширилди
2020-05-31 / 475

Олтинсой туманидаги сўлим тоғ қўйнида 200 ўринли замонавий “Хўжаипок” санаторий-соғломлаштириш ва дам олиш мажмуаси фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар ва нуронийлар иштирок этди.

Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари 2018 йилнинг 19-20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида сўлим тоғ қўйнидаги шифобахш сувга эга гўшада юртдошларимизнинг мароқли ҳордиқ чиқариб, соғлигини тиклаши учун барча шароитларга эга соғломлаштириш масканини барпо этиш юзасидан тегишли вазифаларни берган эди. Шунга мувофиқ санаторий қурилишига Жобу маҳалласи ҳудудидан 5 гектар ер майдони ажратилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг капитал қурилиш бошқармаси буюртмачи этиб белгиланди. “Касаба лойиҳа” масъулияти чекланган жамияти унитар корхонаси лойиҳа ишларини амалга оширди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашига қарашли “Касаба қурилиш таъмир” шўба корхонаси бунёдкорлари муҳташам бинони тез ва сифатли барпо этди.

 

 

Барча замонавий қулайликларга эга беш қаватли соғломлаштириш-дам олиш масканини қуриб, фойдаланишга топшириш учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 85 миллиард сўм маблағ сарфланди. Кўп қаватли санаторий-соғломлаштириш ва дам олиш биноси, 200 ўринга мўлжалланган маданият саройи, 10 минг китоб фондига эга кутубхона, турли рангда жилоланадиган фаввора қурилган. Санаторийда 20 дан ортиқ физотеравтик даволашга мослаштирилган замонавий ускуна шунингдек, УзИ, ЭКГ ва лабаратория жиҳозлари ўрнатилган. Фитобар, ёпиқ бассейн мавжуд. Бу ерда кардиологик, неврологик, таянч ҳаракат, гинекологик, стаматологик, урологик ва бошқа касалликларга даволаниш учун барча шароит яратилган.150 киши иш билан таъминланади.

 

 

 

 

Тантанали маросимда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қудратулла Рафиқов, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери биринчи ўринбосари Акмал Саидов ва бошқалар мамлакатимизда аҳоли саломатлигини сақлаш, уларнинг муносиб дам олишини ташкил этиш, мавжуд даволаш профилактика, соғломлаштириш муассасаларида барча қулайликларни яратиш, хорижникидан қолишмайдиган янгиларини қуриш ҳамда салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш борасида олиб борилаётган кенг қамровли ишлар ҳақида атрофлича фикр юритди. Бу борадаги барча улуғвор ишлар халқимизнинг бугунги кунидан рози бўлиб яшашига хизмат қилаётганини алоҳида қайд этди.

 

 

 

 

Мутахассисларнинг фикрича, ғордаги олтингугурт суви ўн бешдан ортиқ оғир, ўткир ва юқумли касалликлардан фориғ бўлишга ёрдам беради. Табиий самарали восита сифатида таянч ҳаракат тизими, акушер-гинекологик касалликлар, асаб тизими, жигар, буйрак, тери таносил ва бошқа хасталикларни даволашга кўмаклашади.

“Хўжаипок ота” зиёратгоҳи номи билан дунёга машҳур сўлим масканнинг ёнидан оқиб ўтаётган дарё ва ҳудуднинг табиий иқлим шароити санаторий курорт муассасаларини ривожлантириш, агро, тиббиёт ва зиёрат туризмини кенг йўлга қўйиш учун жуда қулай. Бу ердаги минерал шифобахш сув, мусаффо ҳавода кислороднинг кўплиги, бетакрор тоғ табиати кишини беихтиёр мафтун этади. Шу боис ёз мавсумида бу гўшага мамлакатимиз ва хориждан ҳар куни кўплаб киши келиб, муқаддас қадомжони зиёрат қилаётган, дардига даво истаб, маҳаллий аҳоли томонидан қурилган супачаларда ҳафталаб қолиб кетаётган ва шифобахш сувдан баҳра олаётган эди. Эндиликда улар замонавий масканда малакали шифокорлар назоратида бу имкониятдан янада унумли фойдаланиши мумкин. Бунинг учун муҳташам мажмуа қурилиб, атрофи ободонлаштирилди. 26 километр масофага пластик қувур тортилиб, “Хўжаипок” маъданли шифобахш суви туман марказига олиб келинди. Бу тоғли туман марказида яшовчи аҳолининг ҳам шифобахш сувдан фойдаланиши учун кенг имконият яратиб, маҳаллий одамларнинг бир умрлик орзусини рўёбга чиқарди. Бу санаторийнинг яна бир ноёб жиҳати, сиҳатгоҳ дунёда олтингугуртли сув билан даволашга ихтисослашган бешинчи санаторийдир.

 

 

 

 

 

 

 

 

Фотогалерея
Сўровнома
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?

Богланиш
Янгиликларга обуна булиш
E-mail манзилингизни киритинг ва сайтимизнинг янгиликлари ва фойдали маслахатларини тугридан тугри электрон манзилингиз оркали олинг.
-->