Сурхондарё
вилояти Ҳокимлиги
расмий сайти
Главная Хокимлик янгиликлари Жорий йилда Сурхондарёда илк бор анор, тери ва жун маҳсулотларини қайта ишлайдиган корхоналар ташкил этилади
Жорий йилда Сурхондарёда илк бор анор, тери ва жун маҳсулотларини қайта ишлайдиган корхоналар ташкил этилади
2020-06-12 / 767

Бугун Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг еттинчи сессияси бўлиб ўтди. Онлайн тарзда ўтказилган сессияда вилоятдан сайланган Олий Мажлис Сенати аъзолари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, шаҳар ва туман Кенгашлари доимий комиссиялари раислари, ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари, соҳа раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Сессияни вилоят ҳокими, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Тўра Боболов бошқариб борди.

Сессияда дастлаб ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим ва долзарб масалалари, коронавирус пандемияси, глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш мақсадида кўрилаётган чора-тадбирлар, 2020 йил учун қўшимча инфратузилма лойиҳаларининг ишлаб чиқилиши, жойларда ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш ва бандликни таъминлаш бўйича қўшимча захираларнинг аниқланиши ҳолати юзасидан вилоят ҳокимининг ҳисоботи эшитилди.

Вилоят ҳокими шаҳар ва туманларнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари ҳақида сўз юритаркан, Шеробод туманида йилига 15 минг тонна анор етиштирилиши, жорий йилда “Шеробод анор импек” МЧЖ томонидан қиймати 4 миллион долларлик, йилига 10 минг тонна анорни қайта ишлаш корхонаси ишга туширилиши, бунинг натижасида 200 та янги иш ўрни яратилиб, 25 миллион долларлик тизимли экспорт йўлга қўйилишини таъкидлади.

“Яна бир йўналиш – вилоятда йилига 2,5 минг тонна жун маҳсулоти олинган бўлса, уни қайта ишлаш йўлга қўйилмаганлиги сабабли шунча маҳсулот чиқиндига чиқарилган. Жорий йилнинг август ойига қадар “Бойсун лано” корхонаси томонидан қиймати 1,9 миллион долларлик, йилига 500 тонна жунни қайта ишлаш лойиҳаси ишга туширилади. Натижада 50 та янги иш ўрни ташкил этилади, йилига 17 тонна ланолин (қўй жунидан фармацевтика саноати учун ноёб хом-ашё) ишлаб чиқарилиб, 1,4 миллион долларлик экспорт амалга оширилади. Аҳамиятли томони, мазкур корхонада ҳунармандлар учун зарур бўлган бўялган тайёр жун маҳсулоти ҳам ишлаб чиқарилади”, – деди Тўра Боболов.

Вилоят ҳокими, шунингдек, вилоятда йилига 1 миллион дона тери маҳсулоти чиқаётгани, Ангор туманида қиймати 9 миллион евро бўлган, йилига 500 минг дона терини қайта ишлаш лойиҳасининг ишга туширилиши натижасида 100 та янги иш ўрни яратилиши ва бу келгусида воҳада чарм-пойабзал саноатининг ривожлантиришга замин бўлишини айтди.

Сессияда вилоятга инвестицияларни жалб қилиш борасида кўрилаётган чоралар, тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари етказиб бериш бўйича экспорт шартномаларини бажариш аҳволи тўғрисида вилоят ҳокими ўринбосари Анвар Ориповнинг ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, фойдаланишдан чиқиб кетган ва ер ости захираси мавжуд бўлган ерларни фойдаланишга киритиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида вилоят ҳокими ўринбосари Холмамат Саматовнинг ҳам ҳисоботлари тингланиб, депутатлар томонидан  атрофлича муҳокама қилинди.

 

 

Сессия якуни бўйича, кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан сенаторлар ва маҳаллий Кенгаш депутатларининг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари инобатга олинган ҳолда тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

 

 

 

 

Фотогалерея
Сўровнома
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?

Богланиш
Янгиликларга обуна булиш
E-mail манзилингизни киритинг ва сайтимизнинг янгиликлари ва фойдали маслахатларини тугридан тугри электрон манзилингиз оркали олинг.