Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Сурхондарёда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш юзасидан парламент назорати ўрнатилди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида оилавий, қишлоқ оилавий поликлиникаларида оналик ва болаликни муҳофаза қилишга оид қонунчиликка риоя этилиши, яратилган шароитлар, даволаш методикаси ва қонунчиликда мавжуд бўшлиқлар ўрганилмоқда.

Олий Мажлис Сенати Суд, ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ўрганишлар юзасидан жойида парламент назоратини ўрнатиб, назорат-таҳлил ишларини олиб бормоқда. 

Ишчи гуруҳ аъзолари дастлаб Термиз шаҳридаги иккинчи оилавий поликлиникада бўлиб, патронаж тизими билан танишди, электрон поликлиникага ўтказиш жараёни билан қизиқди. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасидаги ишларнинг қай даражада ташкил этилгани ўрганилди. Вилоят марказидаги янгидан барпо этилаётган биринчи ва тўртинчи оилавий поликлиникаларда бўлиб, бу ерда яратилаётган шароитлар кўздан кечирилди. 

Ишчи гуруҳ аъзолари бугун воҳанинг Бандихон ва Музработ туманларидаги қишлоқ оилавий поликлиникалари фаолияти билан танишмоқда.

– Аҳолига тиббий хизматлар кўрсатишдаги бирламчи бўғинда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ишларини сифатли ташкил этиш жисмонан соғлом авлодни улғайтиришнинг асосий омилларидан биридир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма прокурори Д.Бойматов. – Бу борадаги ишлар билан танишиш чоғида ҳудудларда болалар ўлимининг сабабларини ҳам таҳлил қилаяпмиз. Шунингдек, оилавий поликлиникаларнинг замонавий тиббий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланганлик даражаси ва эҳтиёжларини ўрганаяпмиз. Амалдаги қонунларимизни мустаҳкамлаш мақсадида тажрибали тиббиёт ходимларининг фикр-мулоҳазаларини тинглаяпмиз. Мақсадимиз – соҳа ривожига ҳар тарафлама кўмаклашишдан иборат.

Ишчи гуруҳ аъзолари эртага ҳам ўз ишини давом эттиради.

 

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.