Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Термизда халқаро турнир олдидан матбуот анжумани ташкил этилди

Мамлакатимизда сўнгги йилларда жисмоний тарбия ва спортни қўллаб-қувватлаб, ривожлантириш, аҳолининг барча қатламлари, шу жумладан ёшларни курашга кенг жалб этиш ва жаҳон халқлари ўртасида спортнинг бу тури билан шуғулланишга интилишини кучайтириш учун барча шароитлар яратилмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 4 ноябрдаги “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада олиб борилаётган ишлар самарадорлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

– Бунга мазкур мусобақага кўрилган тайёргарлик ҳам яққол мисолдир,–деди матбуот анжуманида Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари Авазжон Каримов.– Шунга мос равишда бу йилги анъанавий XV халқаро турнир ҳар йилгидан чиройли, қизиқ ўтади. Бу тадбирлар албатта курашни умумхалқ спорт тури ва жаҳон спорти дурдонасига айлантиришга хизмат қилади.

Сурхондарё вилояти ҳокимининг туризм ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Жўрабек Тўраевнинг таъкидлашича, пандемия шароитида ташкил этилган мазкур мусобақани юксак савияда байрамона руҳда ўтказиш учун воҳада катта тайёргарлик кўрилди. Ғолибларни рағбатлантириш учун совринга 100 минг АҚШ доллари ажратилди. Бу соврин келгуси беллашувларда янада ошади. Вилоятда спортнинг кураш турини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Келгуси йил барча шароитларга эга бўладиган замонавий янги кураш мактаби барпо этилиши ҳам бунга аниқ далилдир. Янги мактаб курашга иштиёқи бор ёшларни болаликдан тарбиялаб, уларни катта спорт майдонларига олиб чиқади.

– Дунёда коронавирус пандемияси кечаётган бир пайтда мазкур турнинг ташкил этилгани ҳам спортнинг кураш тури сайёрамизда оммавийлашиб бораётганини намоён этди, – деди Халқаро кураш ассосиацияси техник директори Ризо Носирий.– Ўзбекистонда бу спорт байрамига қизғин ҳозирлик кўрилганига гувоҳ бўлдик. Маҳаллий аҳоли бизни очиқ чеҳра ва ўзгача қувонч билан кутиб олди. Ҳозирги шароитда бу турнирнинг ташкил этилаётгани жуда муҳим. Чунки, карантин даврида бироз зериккан одамлар, спортчилар ва спорт ишқибозлари беллашувлардан ўзгача завқ олади.

Жорий йилда ўтказилаётган нуфузли турнирда 30 га яқин давлатдан юздан зиёд спортчи, халқаро тоифадаги ҳакам, рефере ва бошқа меҳмонлар иштирок этади. Бу рақамлар ҳам курашнинг халқаро миқёсда обрў-нуфузи ошиб бораётганининг ёрқин ифодасидир. Жаҳонда курашни оммавийлаштиришда 28 йилдан буён анъанавий ўтказиб келинаётган ушбу турнирнинг ҳам алоҳида ўрни бор.

Айниқса, бу йилги беллашувдан хорижлик меҳмонлар бой таассуротлар билан қайтади. Бунинг учун вилоятда барча шароит яратилган.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.