Сурхондарё
вилояти Ҳокимлиги
расмий сайти
Главная Сурхондарё тарихи
Сурхондарё тарихи

Қулай иқлим шароит ва мутлақо унумдор ерлар унинг бу вилоятда қадимги одамлар томонидан жуда эрта ўзлаштириши, сунъий суғоришга асосланган деҳқончиликнинг интенсив равишда ривожланиши, шаҳар ва қишлоқларнинг юзага келиши ва юксалиши учун кенг имкониятлар яратади.

Вилоятдаги қадимги одамларнинг дастлабқи манзилгоҳлари турли ёввойи ҳайвонлар ва ёввойи ўсимликлар билан қопланган тоғ ўрмонларида, Бойсун тоғларидан оқиб тушувчи дарё этакларининг бўйларидан пайдо бўлди. Уларнинг ичида энг қадимгилари сифатида ўрта ва юқори палеолит даврига мансуб (100-12 минг йил ав.) Тешиктош ва Мачай ғорлари ҳисобланади.

Тешиктош ғоридан неандерталь боланинг суяклари топилган бўлиб, ушбу кашфиёт Ўрта Осиё ҳудуди ҳозирги одамларнинг шаклланиш минтақаларидан бири бўлган деган илмий хулосага олиб келди. Қўҳитанг тоғларида аниқланган Зараутсой қоятош расмлари эса мезолит ёки неолит (12 — 5 минг йил ав.) даврига бориб тақалади.

Зараутсойдаги унча қатта бўлмаган ғор шифтлари ва деворларида 200 дан ортиқ расмлар аниқланган бўлиб, улар оҳра бўёги ёрдамида ғор деворларида катта маҳорат билан тасвирланган. Расмларнинг асосий қисми ёввойи ҳўкизларни сеҳр-жоду йўли билан овлаш манзарасини акс эттиради.

Эрамизга қадар II-минг йиллиқнинг I-ярмида Ўзбекистон жанубида Шимолий Афғонистондан ўтроқлашган қабилалар деҳқончилиқ анъаналарини ўзида ифода этган Шарқ маданиятини олиб киради. Улар Кўҳитанг ва Бойсун тоғ олди ҳудудларини ўзлаштириб, Сополлитепа, Жарқўтон, Молалитепа сингари муҳим аҳоли манзилгоҳларига асос соладилар.

Ушбу даврга хос хусусият сифатида оддий хом ғишт қўлланилган ва манументаль архитектура (ибодатхона, сарой) мураккаб иншоотлар ва истеҳкомларни қуриш, примитив усулдаги сунъий суғориш, уй ҳайвонларини сақлаш, ҳунармандчиликнинг ривожланиши (металл ва сопол буюмларидан фойдаланиш) ҳамда санъатнинг пайдо бўлиши сингари тараққиёт босқичларини курсатиш мумкин.

Ўрта Осиёда эрамизга қадар I-минг йилликнинг биринчи ярим илк темир асри ва давлат шаклидаги йирик бирлашмаларнинг юзага келиши билан характерланади. Ушбу жараён Шимолий Бақтрия ҳудудида жойлашган Сурхондарё вилоятига ҳам тўла тааллуқлидир. Эрамизга қадар 539-330 йилларда Ўрта Осиё, шу жумладан Бақтрия сатраплик ҳуқуқи билан Аҳмонийлар империяси таркибига кирган.

Кейинчалиқ у (эр.ав. 329-327й.) Македониялик Искандар томонидан босиб олинади. Эрамизга қадар 306 йилда унинг тузган давлати парчаланиб қетгач, Александр Селевка давлати таркибига киради. Эрамизга қадар III аср ўрталарида бақтриядаги Салавкийлар сатрапи Диадот фанда Юнон-Бақтрия деб ном олган мустақил давлат тузади ва ўзини подшоҳ деб эълон қилади. Унинг давлати эрамизга қадар II асрнинг ўрталарига қадар яшаб турди.

Ушбу даврда Ўрта Осиёнинг моддий ва маънавий ҳаётига сезиларли таъсир кўрсатган эллинизм сиёсати кенг ёйилади. Эрамизга қадар II аср ўрталарида саклар зарбаси остида Юнон-Бақтрия подшолиги қулайди, қейинчалик эса юечжи-тоҳарлар босқини туфайли бутунлай парчаланиб қетади. Юечжи-тоҳарларнинг Кушонлар қабиласидан бўлмиш Куджула Кадфиз эрамизнинг I асри биринчи ярмида буюк Кушонлар империясини тузади.

Шимолий Бақтрия ҳам кушонлар империяси таркибига киритилиб, шимолий-Ғарбий чегарасидан кириб келадиган тоғ йўлида кўчманчилар ҳужумидан сақланиш учун Темир дарвоза ва қудратли мудофаа истеҳқомлари қурилади. Кушон подшолиги ҳукмронлиги даврида Сурхондарё тарихи ҳаётининг барча соҳаларида тараққиётнинг юксалганлиги билан характерланади.

Жумладан, Шарқ ва Ғарб халқлари ўртасида маънавий ва маданий қадриятларнинг ўзаро алмашинувида муҳим роль ўйнаган Буюк Ипак йўлининг икки асосий йўналиши кушонлар давлати ҳудудидан ўтган. Сурхондарё вилояти ҳудудидаги Кушонлар даврига оид археологик ёдгорликлар ниҳоятда кўп ва хилма-хилдир. Далварзинтепа ва Холчаёнда ўтказилган қазилмалар кушонлар шаҳри юксак маданият ўчоқлари бўлганлигини кўрсатади.

Бу даврда ҳунармандчилик ва қишлоқ хўжалигининг интенсив равишда ривожланиши, товар - пул муносабатларининг ўсиши архитектура, монументал ҳайкалтарошлик ва рассомчилик, қоропластика ва глиптика санъатининг юксалиши кузатилади. Кушон шаҳарлари шунингдеқ, йирик тарғибот марказлари ҳам бўлган.

Айритом, Далварзинтепа ва Кўҳна Термиздан топилган Будда ибодатхоналари ва ступалар, Бақтрия-Тоҳаристон маданияти эллинистик ва ҳиндбуддавийлик маданиятининг қучли таъсири остида маҳаллий бақтрияга хос тарзда шаклланади. Сурхондарё вилоятининг ҳозирги ҳудуди эрамизнинг III-IV асрларида Кушонлар давлати парчаланиб кетгач, дастлаб хионийлар, сўнгра эса эфталийлар давлати таркибига киради.

Илк ўрта асрларда (эр. V-VIII аср) вилоят ҳудуди кўпгина мулкликлардан иборат йирик тарихий - маданий минтақа ҳисобланган Тоҳаристон таркибида бўлган. Улардан иккитаси: Термизшоҳлар ва чағониёнлик ҳидаватлар турк ёбғуларининг ҳукмронлигига бўйсўнганлар. 667 йилда араблар Чағониён ва Термизга биринчи маротаба ҳужум уюштириб, VIII асрнинг иккинчи ярмидагина тўлиқ босиб олишга эришдилар.

Шу вақтдан эътиборан Тоҳаристон Аббосийлар халифалиги остига ўтади. XI аср бошларида Сомонийлар давлати парчаланиб қетгач, Чағониён ва Термизнинг келиб чиқиши турклардан бўлган Ғазнавийлар ва Қорахонийлар ўртасидаги кураш майдонига айланди. 1008 йилдаги Балх ёнидаги жангдан сўнг, Маҳмуд Ғазнавий Қорахонийлар қўшинларини тор-мор этади ва Термиз Ғазнавийлар давлатига қўшиб олинади. Чағониён эса Қорахонийлар ҳукмронлиги остида қолади.

XI асрнинг ўрталарига келиб бу икки ҳудуд Салжуқийлар давлати таъсирига тушади ва XII асрнинг иккинчи ярмига қадар уларнинг истилоси остида бўлади. XII асрнинг иккинчи ярмидан эса Чағониён ва Термиз вақти-вақти билан қорлуқлар, қорахонийлар ва гурийлар қўлига ўтиб туради. 1206 йилда Чағониён ва Термиз Хоразмшоҳлар давлатига қўшиб олинади.

1220 йилда Термиз Чингизхон бошчилигидаги мўғул қўшинлари томонидан босиб олинади. Вайрон этиб ташланган Термиз шаҳрининг қайтадан тикланиши XIV асрнинг бошларига тўғри келиб, ҳозирги Термизнинг шимолий томонидаги Сурхондарёнинг қуйи оқимида содир бўлади. XIV асрнинг эллигинчи йиллари охирида эса мўғуллар давлатининг Чиғатой улуси инқирозга юз тутди.

Шундан сўнг Термиздаги ҳокимият маҳаллий руҳоний феодаллар - саййидлар қўлига ўтади, Сўнгра Ўзбекистон жанубидаги ерлар Амир Темур давлати таркибига киради. Унинг вафотидан сўнг Термизни Амир Темур набираси Халил Султон, 1409 йилдан эса ўғли Шоҳруҳ бошқаради. XV асрнинг иккинчи ярмига келиб, маркази Ҳисорда бўлган Темурийларнинг Ҳисор вилояти таъсири кучаяди.

1504-1505 йилларда Чағониён ва Термиз Шайбонийхон бошчилигидаги кўчманчи ўзбеклар томонидан босиб олинади. Сафавийлар билан бўлган жангда Шайбонийхон вафотидан сўнг Термиз қисқа вақт Темурий Бобур томонидан эгалланади. 1512 йилда Бобур қўшинларининг ҳайдаб чиқарилиши туфайли Термиз ва Чағониён яна Шайбонийлар иҳтиёрига, 1598 йилда 1747 йилгача эса Ўрта Осиёда мустаҳқам урнашиб олган янги ўзбек сулоласи-жонийлар қулига ўтади. Ушбу даврда Чағониён ўзбек беқлари томонидан бошқарилган Ҳисор вилояти таркибига кирсада, амалда марказий ҳокимиятдан мустақил сиёсат юритиб келган.

XIX-XX аср бошларида Сурхондарё вилояти Бухоро амирлигининг таркибий қисми эди. Унинг ҳудудида эса бир неча бекликлар мавжуд эди. 1894 йилда Амударё бўйлаб, шу жумладан ҳозирги Термиз ҳудудида русларнинг чегара божхона назорати ўрнатилади. Термиз шаҳрининг муҳим стратегик жойлашувини ҳисобга олган рус ҳарбийлари томонидан шаҳарда доимий гарнизонга эга бўлган қалъа қурилади. Термизга Россиядан аста-секин ҳарбий қўшинлар ва кўчманчилар кела бошлади.

1898 йилда эса Буҳоро амири махсус ҳужжат билан қалъа атрофидаги ерларни қурилиш иншоотлари ва турар-жой бинолари учун рус ҳарбийлари ихтиёрига топширади ва бу ерда кўп ўтмасдан шаҳар аҳамиятига эга бўлган аҳоли манзилгоҳи пайдо бўлади. Шўролар ҳукумати ўрнатилгач ва 1924 йилдаги миллий чегараланишдан сўнг, вилоят Ўзбекистон таркибига киради. 1925 йилда эса Сурхондарё округи тузилади. 1941 йил 6 мартда эса маъмурий маркази Термиз бўлган Сурхондарё вилояти ташкил топади.

1991 йил 1 сентябрда мустақиллиқ эълон қилингач, Сурхондарё вилояти Ўзбекистон Республиқасининг ажралмас ва таркибий қисмидир. Ҳозирги қунда Сурхондарё вилояти юксак даражада ривожланган қишлоқ хўжалиги ва индустирияга эга, чорвачилиқ, боғдорчилиқ ва узумчилиқ тараққий этган йирик маданий марказ бўлиб ҳисобланади.

Фотогалерея
Сўровнома
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?

Богланиш
Янгиликларга обуна булиш
E-mail манзилингизни киритинг ва сайтимизнинг янгиликлари ва фойдали маслахатларини тугридан тугри электрон манзилингиз оркали олинг.
-->