Сурхондарё
вилояти Ҳокимлиги
Расмий муносабат
2019-09-07 / 38

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги “Nuroniy” газетасининг 2019 йил 24 июлдаги 31-сонида чоп этилган “Ходимлар қўнимсизлиги ... бунга ким сабабчи” сарлавҳали танқидий мақолада қайд этилган ҳолатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларни маълум қилади:

Мақолада кейинги бир-икки йил орасида тумандаги ўнлаб олий маълумотли, эл ҳурматига сазовор бўлган салоҳиятли кадрлар туман ҳокими Ўктам Тўраев ва унинг ўринбосарлари “сиёсати” қурбонига айлангани айтилиб, лавозимидан озод қилинган раҳбар ходимлар номи санаб ўтилади.

Ўрганиш натижаларига кўра, Бойсун тумани ҳокимлигида ҳуқуқшунос вазифасида ишлаган Исмат Чориев амалдаги ҳоким Ў.Тўраев (2017 йилнинг 15 февралида туман ҳокими этиб тайинланган) томонидан эмас, балки, собиқ ҳоким даврида 2016 йилнинг 19 декабрида ўз аризасига биноан эгаллаб турган вазифасидан озод қилинган. Ҳозирда И.Чориев мақолада ёзилганидек, ишсиз эмас, балки, Сурхондарё вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси ҳуқуқшуноси лавозимида фаолият юритмоқда.

Иккинчи факт бўйича: туман болалар мусиқа ва санъат мактаби директори вилоят маданият бошқармаси бошлиғи томонидан лавозимига тайинланади ёки озод қилинади. Худди шундай, Собир Бадриддинов ҳам вилоят маданият бошқармаси бошлиғининг буйруғи асосида вазифасидан озод қилинган. Уни ишдан олиш тўғрисида туман ҳокими томонидан бошқармага таклиф хати киритилмаган. Прокурор протести асосида С.Бадриддинов ҳозирда туман болалар мусиқа ва санъат мактаби директори лавозимида фаолият юритиб келмоқда.

Учинчи факт бўйича: Туман қишлоқ хўжалиги бўлимида ишлаб келган Абдулла Раҳимов туман ҳокимининг қистови билан эмас, балки, 2016 йилнинг 1 июнида (Ў.Тўраев туман ҳокими этиб тайинланишидан 9 ой аввал) ўз хоҳиш-иродаси билан Кетмончопти қишлоқ фуқаролар йиғини раиси этиб сайланган. Унинг ўрнига келган Мирзо Шамсиев эса вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи буйруғи асосида ишга тайинланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 4944-сонли фармонига асосан қишлоқ фуқаролар йиғинлари фаолияти тугатилганлиги сабабли, А.Раҳимов ҳам вазифасидан озод қилинган.

Туман ҳокимлигида турли йилларда ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари бўлиб ишлаган Камолиддин Болтаев ҳамда Икром Холов ҳам мақолада таъкидланганидек, ҳокимга ёқмай қолгани учун эмас, балки ўз хоҳиш-иродаси ва аризасига биноан вазифасидан озод қилинган. Ҳозирда К.Болтаев тумандаги “Ариқ усти” маҳалла фуқаролар йиғини раиси, И.Холов Термиз шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази раҳбари лавозимларида фаолият юритмоқда.

Қолаверса, мақолада ёзилганидек, туман мактабгача таълим мудираси Фароғат Самадова ҳокимнинг тўрига “илиниб”, юзтубан йиқилмаган. У 2017 йилдан буён ўз лавозимида фаолият юритиб келмоқда.

“Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Файзулло Ҳамдамов, “Сувоқова” ДУК бошлиғи Шавкат Муртазоев ҳамда туман молия бўлими мудири Ўктам Мўсиновнинг турли йилларда тегишли вилоят бошқармалари бошлиқлари томонидан амалдаги  қонунчиликка мос равишда, ўз вазифасидан озод қилиниши эса уларнинг “ҳоким тўрига “илиниб”, юзтубан йиқилгани”ни англатмайди.

Маълумки, ҳар қайси ҳудуд, тармоқ ёки соҳа, корхона ёхуд жамоадаги тараққиёт ва ютуқларга энг аввало, раҳбар салоҳияти, унинг шахсий жавобгарлиги ва масъулияти туфайли эришилади. Президентимиз томонидан илгари сурилаётган қатор хайрли ташаббусларининг жойлардаги ижросини тўлақонли таъминлаш бугунги кун раҳбар ходимлари, мутасадди идораларнинг энг долзарб вазифаларидан бирига айланган.

Шу маънода, Бойсун тумани ҳокимлиги ўз ишига масъулият ва жавобгарлик билан ёндашадиган, халқ орасига кириб, унинг оғирини енгил қилишга кўмаклашадиган раҳбар ходимларни бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлайди.

Фотогалерея
Сўровнома
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?

Богланиш
Янгиликларга обуна булиш
E-mail манзилингизни киритинг ва сайтимизнинг янгиликлари ва фойдали маслахатларини тугридан тугри электрон манзилингиз оркали олинг.