Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиши талаб этилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари белгиланди.

Вилоят ҳокимлигида мазкур қарор мазмуни ҳамда давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидаларини кенг тарғибот-ташвиқот қилиш мақсадида видеоконфренцалоқа шаклида ўқув-семинари ўтказилди. Унда вилоят ҳокими Тўра Боболов, Адлия вазирлиги Давлат хизматлари департаменти бошлиғи Санжар Абдуллаев ва Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Сурхондарё вилояти филиали раҳбари Шерпўлат Бойқулов қатнашди.

Ўқув-семинарида шунингдек, вилоят ва ҳудудий студиялардан вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, тармоқлар бўйича ўринбосарлари, ҳокимликлар аппарат ходимлари, вилоят бошқарма ва ташкилотлари ҳамда уларнинг туман (шаҳар) бўлимлари раҳбарлари, ўринбосарлари, кадрлар хизмати ва юридик хизматлари ва бошқа ходимлар иштирок этишди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Сурхондарё вилояти филиали мутасаддилари давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари хусусида маъруза қилишди ва қарорнинг мазмун-моҳияти билан иштирокчиларни таништиришди.

Давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари, аввало, ҳар бир инсоннинг оиласидан бошланадиган одоб-ахлоқ кўринишларидир. Хушмуомалалик, ҳаллолик, ўз ишига виждонан ёндашиш, самимий ва камтарин бўлиш, белгиланган тартиб-интизомга риоя қилиш, касб этикасига амал қилиш кабилар шулар жумласидандир.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор қарорларни қабул қилишда қонунийлик, адолатлилик ва шаффофликни таъминлаши, давлат ва жамият манфаатларига зарар етказувчи, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти самарадорлигини пасайтирадиган ҳаракатлардан тийилиши керак. Бундан ташқари, ҳар бир давлат хизматчиси ўзининг ҳатти-ҳаракати ва ахлоқи туфайли жамоатчиликнинг танқидига учрамаслик чораларини кўриши, танқид учун таъқибга йўл қўймаслиги, асосли ва конструктив танқиддан ўз фаолиятидаги камчиликлар ҳамда нуқсонларни бартараф этиш йўлида фойдаланиши лозим.

Бундан ташқари, давлат хизматчилари ишдан ташқари вақтда миллий урф-одат, қадрият ва анъаналарга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, дабдабабозлик, шуҳратпарастлик, гуруҳбозлик, маишатбозлик, ичкиликбозлик ва бошқа салбий иллатларга йўл қўймаслик, жамоат жойларида — кафе, ресторан ва бошқа кўнгилочар масканларда ўзини тутиш қоидаларига риоя этиш, атрофдагиларнинг эътиборини тортувчи ортиқча ва салбий ҳаракатларга йўл қўймасликка мажбур.

Шунингдек, хизмат гувоҳномаларини сақлаш ва фойдаланиш тартиби, хизмат автотранспорт воситаларидан хизмат фаолиятидан ташқари ҳолатларда шахсий ва бошқа мақсадларда фойдаланмаслик мажбуриятлари ҳам мавжуд эканлиги айтиб ўтилди.

Семинарда адлия вазирлиги вакили жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан муносабатларга оид одоб-ахлоқ қоидалари борасида маъруза қилди ва мазкур қарорнинг аҳамиятига тўхталиб, давлат фуқаролик хизматчилари белгиланган одоб-ахлоқ қоидаларига оғишмай амал қилиши давлат ва жамият ҳаётида муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар.

Тадбирда бу каби тарғибот ишларини мунтазам олиб бориш, давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш хусусида таклиф-тавсиялар билдирилди.

2 изоҳ

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.