Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Деновда ҳарбий чавандозлар беллашуви ўтказилди

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги Хайробод гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ўртасида “От устида эстафета” мусобақалари бўлиб ўтди.

Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи полковник П.Сативалдиев, Денов туман ҳокими А.Алламуродов, Термиз ҳарбий прокуратураси, давлат ва жамоат ташкилотлари, фахрийлар ва ёшлар ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этишди.

Мусобақалар ўтказилган ҳудуд Сурхон этно маданиятини акс эттирувчи анжомлар билан безатилиб, ҳарбий хизматчиларнинг оилалари томонидан ўтовлар тикилди. Уларда қўл меҳнати намуналари, кашта, қуроқ ва ип йигириш анжомлари кўргазмалари ўтказилди. Шунингдек, тадбир очилишида актёрлар томонидан буюк аждодларимиз Амир Темур ва Жалолиддин Мангубердининг ҳарбий ҳаётига оид саҳна кўринишлари, бахшилар томонидан терма ва достонлар ижро этилди ҳамда фахрий қоровул шахсий таркибининг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.

Мусобақа иштирокчилари  учта йўналиш бўйича ўзаро куч синашишди. “От устида эстафета” баҳсларининг якуний натижаларига кўра, фахрли 1-ўринни Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари жамоаси, 2-ўринни ДХХ чегара қўшинлари жамоаси, 3-ўринни Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари жамоаси қўлга киритди.

Мусобақа ғолиб ва совриндорлари Мудофаа вазирлигининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.