Боботоғ ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тадбирлари ижроси таҳлил қилиниб, янги вазифалар белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 февралдаги “2021-2023 йилларда Сурхондарё вилояти Узун тумани Боботоғ ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юртимизнинг чекка бу массивини тубдан ривожлантириш, аҳолининг муносиб турмуш кечириши учун зарур қулайликлар яратишни кўзда тутади.
Жумладан, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 75 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Қатор ижтимоий, энергетика ва телекоммуникация объектлари қурилиб, мавжудлари реконструкция қилинади.

Қарорга мувофиқ, Боботоғда тадбиркорлик субъектларининг бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун 10 миллиард сўмдан компенсация бериш, ҳудудда туну-кун хизмат кўрсатувчи навбатчи ҳамширалик гуруҳини ташкил этиш, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб келгуси уч ўқув йили давомида ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини юксалтириш, вилоятдаги педагогика ва тиббиёт йўналишларидаги олий таълим муассасаларига улар учун қўшимча махсус квоталар ажратилиши таъминланади.

2021-2023 йилларда Боботоғ ҳудудида 2 минг 882 гектар ер майдони фойдаланишга киритилиб, сабзавот, полиз ва дуккакли дон экинлари жойлаштирилади, боғ, узумзор, тутзор ва пистазорлар ташкил этилади. Мавжуд каналларни гидротехник иншоотлари билан биргаликда реконструкция, насос станцияларини модернизация қилиш ва янгиларини ўрнатиш орқали ҳудудда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларини қайта фойдаланишга киритиш ва ерларнинг сув таъминотини яхшилаш чоралари кўрилади.

Боботоғни ривожлантириш дастури доирасида 100 қатновга мўлжалланган қишлоқ оилавий поликлиникаси, 6 та мактабга қўшимча жами 960 ўринли ўқув бинолари ва спорт заллари қурилиб, 720 ўринли мавжуд бинолар мукаммал таъмирланади. 300 ўринли 2 та янги мактабгача таълим ташкилоти янгидан қурилиб, мавжудини ривожлантириш чоралари кўрилади. Электр энергия, газ, ичимлик суви таъминоти, йўл инфратузилмаси, алоқа коммуникация хизматлари яхшиланиб, ДХХ чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари учун хизмат уйлари бунёд этилади.

– Тоғлар қўйнидаги қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириб, 15 минг нафарга яқин аҳолининг фаровон яшаши, ёшларнинг сифатли таълим олиши учун қулай муҳит яратиш билан боғлиқ тадбирлар кўлами кенг, белгиланган вазифалар салмоғи катта, – деди Тўра Боболов. – Шу сабабли, зиммамиздаги масъулиятни бир зум ҳам унутишга, боботоғликларнинг бугуни ва келажагига дахлдор бу вазифалар ижросида сусткашликка йўл қўйишга ҳаққимиз йўқ.

Йиғилишда дастурда белгиланган вазифалар ижроси ҳолати бандма-банд таҳлил қилинди. Вилоят ҳокими бу тадбирларни белгиланган муддатда, сифатли ташкил этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар бериб, ишлар самарадорлиги, масъулияти ва шахсий жавобгарлигини кучайтириш бўйича аниқ вазифаларни юклади.

 

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.