Президент топшириғи ижроси: Миграциядаги фуқаролар ва уларнинг оила аъзолари билан учрашув ўтказилди
Давлатимиз раҳбари ҳузурида куни-кеча ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳокимларга миграциядаги фуқаролар ва уларнинг оила аъзолари билан учрашиб, муаммо ва таклифларини тинглаш, уларни ҳал этиш топшириғи берилган эди. Шу мақсадда бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Қизириқ туманида видеоконференцалоқа орқали миграциядаги фуқаролар ва уларнинг оила аъзолари билан учрашув ўтказди.
Қизириқ педагогика коллежи фаоллар залида бўлиб ўтган учрашувда хорижда меҳнат қилаётган фуқароларнинг оила аъзолари иштирок этди. Учрашувда ишлаш, ўқиш, даволаниш ва бошқа мақсадларда хорижга кетган фуқароларнинг муаммоларини аниқлаш, оғир аҳволга тушиб қолганларга кўмак кўрсатиш, яшаш манзилига қайтганларнинг бандлигини таъминлаш масалаларида суҳбат қилинди.
Вилоят раҳбари Президентимиз топшириғи билан миграциядагиларни кафолатланган иш ўрни, меҳнатига яраша иш ҳақлари, муносиб шароитлар билан таъминлаш ҳамда ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишини тартибга солиш мақсадида хорижга ишга юбориш бўйича янги тизим – “Хорижга иш – маҳалладан” тамойили йўлга қўйилаётганлигини маълум қилди.
Бунда ҳоким ёрдамчиси ва ёшлар етакчиси хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларни аниқлаб, “Онлайн маҳалла” платформасига киритади. Номзодлар хориждаги иш берувчилар танловларига жалб қилинади. Шунингдек, касбий малакаси бўлмаган, хорижий тилларни билмайдиган номзодлар учун касб ва тилга ўқитиш ҳамда профессионал таълим муассасаларида мақсадли тайёрлаш йўлга қўйилади.
Мулоқот давомида хориждаги фуқаролар ҳамда уларнинг оила аъзоларининг мурожаатлари, фикрлари ҳамда таклифлари тингланди. Мутасаддиларга мурожаатларни ҳал этиш бўйича вазифалар белгиланди.
Шундан сўнг, вилоят раҳбари Бандихон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича тақдимотлар билан танишди. Туман раҳбари ва тижорат банклари мутасаддилари амалга ошириладиган лойиҳалар, уларнинг техник ва иқтисодий томонлари ҳамда туманни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлашдаги аҳамияти юзасидан ахборот беришди. Истиқболли лойиҳаларни танлаб олиш, бунда асосан доимий иш ўринлари яратадиган лойиҳаларга эътибор қаратган ҳолда, қисқа муддатларда ишларни бошлаш топширилди.
Вилоят раҳбари тақдимотлар билан танишувдан сўнг, Қизириқ тумани “Халқобод” маҳалласида бўлиб, “Сайхунобод тажрибаси” асосида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Хусусан, миграциядан қайтган Зиёдулло Шодмонов хонадонига ташриф буюрилди. Фуқарога ҳоким ёрдамчиси кўмагида ажратилган 90 млн сўмлик кредит пакети эвазига “автомойка”, нонвойхона, савдо дўкони ҳамда музқаймоқ кафеси ташкил этилган.
Фуқаро маҳалла раиси ва ҳоким ёрдамчисининг таклифи билан миграциядан қайтганлигини, кўрсатилган кўмак эвазига йўлга қўйган лойиҳалари орқали нафақат ўзи, балки 4 нафар оила аъзоларининг ҳам бандлиги таъминланганлигини таъкидлаб, яратиб берилган имконият ҳамда давлатимизнинг ғамхўрлиги учун миннатдорчилик билдирди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz
1 изоҳ