Шўрчи туманида “Сайхунобод тажрибаси”ни жорий этиш ишлари ўрганилди
Аҳоли турмуш шароитларини яхшилаш, бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш орқали камбағалликни қисқартириш бўйича юртимиз бўйлаб “Сайхунобод тажрибаси” асосида ишлар амалга оширилмоқда. Бугун бу борадаги ишлар билан танишиш мақсадида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Шўрчи туманида бўлди.
Туманга ташрифнинг дастлабки манзилида Гулистон маҳалласида яшовчи Нуриддин Рахмонов хонадонида бўлинди. Хорижда устачилик қилиб, рўзғор тебратиб юрган фуқаро икки йил олдин яшаш манзилига қайтиб, томорқасида иссиқхона ташкил этган ва деҳқончилик билан шуғулланишни бошлаган. Ҳозирда помидор, бодринг ва қулупнай етиштириб, юқори даромад олаётган фуқаро вилоят раҳбари билан суҳбатда ўз тажрибаси билан ўртоқлашди. Шунингдек, Эркин Абдумуродов хонадонида ҳам томорқадан самарали фойдаланиш бўйича қилинган ишлар билан танишилди.
Шундан сўнг, вилоят раҳбари ушбу маҳаллада яшовчи, ёлғиз аёл, “Аёллар дафтари”да турувчи Севинч Шафоатова хонадонида бўлиб, ўзини ўзи банд қилиши учун берилган кўмаклар билан танишди. Фуқарога тикувчилик дастгоҳи ҳамда ўғлининг бандлигини таъминлаш учун мотокултиватор, қорамол ва парранда ҳамда уй-жой қуриб берилган. Масъулларга оила даромадларини янада ошириш мақсадида мавжуд томорқасига иссиқхона қуриб бериш вазифаси топширилди.
Вилоят раҳбари Гулистон маҳалласига ташрифи якунида “Шаҳобиддин Мадина” оилавий корхонаси томонидан мебел ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди. “Устоз шогирд” анъаналари асосида ёшларга ҳам ҳунар ўргатиш, корхона фаолиятини кенгайтириш бўйича тавсиялар берилди.
Туманга ташриф Кушон маҳалласида давом этиб, аҳоли хонадонларида томорқадан самарали фойдаланиш тажрибаси билан танишилди. Хусусан, Ўктам Хўжақуловнинг хонадонида чорвачилик, паррандачилик, иссиқхоначилик ҳамда томорқасида коврак ва қизил пиёз етиштириш фаолияти кўздан кечирилди. Вилоят раҳбари фуқаро билан суҳбатда маҳаллада яшовчи, турмуш шароитлари қийин бўлган оилаларга ҳам ушбу тажрибани ўргатишни сўради.
Ташриф якунида вилоят раҳбари туман марказида маиший хизмат кўрсатиш маркази очилишида иштирок этиб, шу ернинг ўзида нуронийлар ҳамда фоаллар билан суҳатлашди. Мурожаатларга асосан ушбу ҳудудда инфратузилмани яхшилаш, йўлларни таъмирлаш, бетон устунлари ўрнатиш ҳамда ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича масъулларга вазифалар белгилаб берилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz