Узун туманида аҳоли бандлиги ва корхоналар фаолияти билан танишилди ҳамда боғ қурилишига старт берилди

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳудудларга ташрифини Узун туманида давом эттирди. Ташриф давомида амалга оширилаётган янги лойиҳалар, ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар билан танишилди.

Дастлаб, вилоят раҳбари Маландиён маҳалласида "Капитал голден" МЧЖ хорижий корхонаси томонидан амалга оширилаётган кўп қаватли турар-жойлар лойиҳаси қурилиши билан танишди. Умумий қиймати 38 млрд сўмни ташкил этувчи лойиҳа доирасида 2 та 9 қаватли 128 хонадонли турар-жойлар мажмуаси барпо этилмоқда. Масъулларга лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш, ҳудудда барча инфратузилмаларнинг яратилиши ва турар жойлар шаҳарсозлик нормалари асосида қурилишини назоратга олиш топширилди.

Шундан сўнг, умумий майдони 4,5 гектар бўлган, лойиҳа қиймати 4,4 млрд сўмни ташкил этувчи боғ қурилишига старт берилди. Боғ Давлат активларини бошқариш агентлиги ташаббуси билан шу вақтга қадар қаровсиз қолдирилган собиқ “Бобомурод Омонов” номидаги истироҳат боғи ўрнида ташкил этилмоқда.

Кейинги манзилда вилоят раҳбари Янги куч маҳалласида аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларини ошириш, тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Хонадонларда дурадгорлик, ўймакор ҳунармандчилик, темирчилик, асаларичилик, паррандачилик ва чорвачилик лойиҳалари кўздан кечирилди. Мавжуд имкониятларни ишга солган ҳолда кичик тадбиркорлик лойиҳаларини амалга оширишга кўмак кўрсатиш, кредит пакетларини шу асосда ажратиш лозимлиги қайд этилди.

Вилоят раҳбари туманнинг Эркинлик маҳалласида ҳам бўлиб, “Surxon armatura-temir invest” МЧЖнинг арматура ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишди. Умумий қиймати 3 млрд сўм бўлган корхона томонидан йилига 1,8 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилади ва натижада 800 минг долларлик импорт ўрни қопланади. Айни вақтда корхонада 15 нафар ишчилар меҳнат қилишмоқда. Танишув давомида корхона фаолиятини ривожлантириш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда иш ўринлари сонини ошириш бўйича зарур тавсиялар берилди.

Туманга ташриф якунида “Обод юрт чеварлари” оилавий корхонасининг тикувчилик цехи фаолияти билан танишилди. Хотин-қизлар бандлигини таъминлашга хизмат қилувчи бундай лойиҳаларни кўпайтириш лозимлиги таъкидланиб, мутасаддиларга тажрибани оммалаштириш вазифаси юкланди.

Шунингдек, шу ернинг ўзида ишсиз хотин-қизлар ва ёшларга ўзини ўзи банд қилиши учун субсидия асосида 15 та тикувчилик дастгоҳи, 2 та мотокултиватор ва 5 та пишириқ печлари топширилди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.