Қўмқўрғон ва Шўрчи туманларида қурилиш лойиҳалари билан танишилди

Жорий ҳафтанинг биринчи кунида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов инвестиция дастури ва “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларининг ижроси, инфратузилмани яхшилаш ҳамда ижтимоий соҳа объектларининг қурилиши билан танишиш мақсадида Қумқўрғон ва Шўрчи туманларига ташриф буюрди.

Вилоят раҳбари дастлаб, Қумқўрғон тумани Уяс маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4К-595 "Сурхон-Жалоир-Душанбе-Термиз-Kакайди-Лалмикор" автомобиль йўлининг 4 км қисмини асфальтлаш ишлари билан танишди. Маҳалла нуронийлари ва фаоллари билан суҳбат қилинди. Маҳалла ободлиги ва аҳоли турмуш фаровонлиги учун амалга оширилган ишлардан миннатдор бўлган нуронийлар юртимиз тинчлиги ва осойишталигини сўраб дуога қўл очди. Вилоят ҳокими қурилиш ишларида фаоллик кўрсатган бир гуруҳ йўлсозларга совғалар топширди. Шунингдек, ушбу маҳаллада жойлашган 10-сонли мактабнинг янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати кўздан кечирилди.

Шундан сўнг, 2024 йилги инвестиция дастурига асосан қарийб 6,8 млрд сўмлик лойиҳа эвазига мукаммал таъмирланаётган 9-сонли мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари билан танишилди. Якуний пардозлаш ишлари олиб борилаётган 840 ўринли ўқув биносини янги ўқув йили бошлангунга қадар фойдаланишга топшириш вазифаси қўйилди. Масъулларга тумандаги барча мактабларда янги ўқув йилига тайёргарлик ишларини сифатли якунлаш топшириғи берилди.

Вилоят раҳбарининг ҳудудларга ташрифи Шўрчи туманида давом этди. Туманга ташрифнинг илк манзилида Ойнакўл маҳалласида жойлашган 22-сонли мактабнинг 330 ўринли қўшимча ўқув биноси қурилиши кўздан кечирилди. Ушбу лойиҳа ҳам жорий йилги инвестиция дастурига асосан амалга оширилаётган бўлиб, қарийб 4,3 млрд сўм маблағ ажратилган. Ҳозирда 3 қаватли ўқув биносининг учинчи қаватини қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Вилоят раҳбари мактаб қурилиши билан танишувдан сўнг, маҳалла аҳолисининг мурожаатларини тинглади. Йўл, ичимлик суви ва бошқа инфратузилмаларни яхшилаш, даволаниш учун кўмак кўрсатиш каби масалаларни ҳал этиш бўйича масъулларга вазифалар белгилаб берилди.

Кейинги манзилда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида йўлларни таъмирлаш таклифи билан ғолиб бўлган Бахштепа маҳалласидан бўлинди. Лойиҳа доирасида маҳалладаги 25 та кўчанинг 22 таси асфальтланган. Вилоят раҳбари маҳалла аҳолисининг ҳамжиҳатлиги ортидан ҳудуд инфратузилмаси яхшиланганини таъкидлади.

Вилоят раҳбари Бахштепа-1 маҳалласининг Янги ер қишлоғида барпо этилаётган 330 ўринли янги умумтаълим мактаби қурилиши билан ҳам танишди. Лойиҳа қиймати 13,5 млрд сўмни ташкил этувчи мактаб қурилиши ҳам жорий йилги инвестиция давлат дастури орқали амалга оширилмоқда. Қурилиш-таъмирлаш ишларини жадаллаштириш, янги мактабни белгиланган муддатда фойдаланишга топшириш юзасидан вазифлар белгиланди.

Ташриф якунида Бўстон маҳалласида умумий қиймати 12,9 млрд сўм бўлган 990 ўринли мактабнинг ўқув биноси қурилиши кўздан кечирилди. Шу ернинг ўзида шаҳар ва туманлар ҳокимларининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосарлари ва пудратчилар билан амалга оширилаётган ишлар сарҳисоб қилинди ҳамда келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, вилоятда хотин-қизлар билан ишлаш борасида амалга оширилаётган тадбирлар, оилаларда маънавий муҳитни яхшилаш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича шаҳар ва туманлар ҳокимларининг хотин-қизлар масалаларига масъул ўринбосарлари билан муҳокама қилиниб, йўл қўйилган камчиликлар кўрсатиб ўтилди ҳамда янги вазифалар белгилаб берилди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.