Учта ҳудудда турар-жойлар ва ижтимоий соҳа объектлари қурилиши билан танишилди

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ўзининг ҳафталик иш режасига мувофиқ қурилиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида ҳудудларга ташрифини Термиз туманидан бошлади. Хусусан, "Янгиобод" маҳалласида барпо этилаётган "Янги Ўзбекистон" массивида турар жойлар, университет бинолари ҳамда "Янги Ўзбекистон" боғи ҳудудида амфитеатр қурилиши, унинг атрофида дарахт кўчатлари экиш ишлари билан танишилди. Шунингдек, ҳудудда дам олиш маскани барпо этиш лойиҳаси тақдимот қилинди.

Вилоят раҳбари қурилиш ва ободонлаштириш ишларини тизимли олиб бориш, муддати келган турар жойлар ҳамда университет бинолари қурилишини жорий йил март ойига қадар якунлаб, "Наврўз" байрами арафасида фойдаланишга топшириш вазифалари белгиланди.

Шундан сўнг, Термиз шаҳрида Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Сурхондарё филиали биноларини реконструкция қилиш ҳамда асосий бинога қўшимча реанимация ва қабул бўлимлари, шунингдек, кислород станцияси қуриш учун ажратилган ер майдони, қурилиш лойиҳалари тақдимоти кўриб чиқилди. Марказ биноларини белгиланган лойиҳалар асосида сифатли қуриш, ҳар тарафлама қурилиш нормаларига қатъий риоя қилиш лозимлиги қайд этилди.

Вилоят раҳбари Термиз шаҳри "Мангузар" маҳалласида кўп қаватли турар жойлар ва давлат инвестиция дастури доирасида 504 ўринли ўқув биноси, спорт зал ва 222 ўринли ётоқхонаси бўлган Ихтисослаштирилган мактаб интернети қуриш лойиҳалари билан танишди. Мактаб биносини қуриш бўйича ишларни бошлаш, сифатли амалга ошириш юзасидан мутасаддиларга вазифалар белгилаб берилди.

Кейинги манзил Жарқўрғон туманида барпо этилаётган "Янги Ўзбекистон" массиви бўлди. Бу ерда турар жойлар ҳамда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш нуқталари ташкил этиш ишларининг бориши билан танишилди. Аҳолини турар жойлар билан таъминлаш, шунингдек, ҳудудда иш ўринларини яратиш мақсадида тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан навбатдаги вазифалар топширилди.

Ҳудудларга ташриф сўнгида Термиз тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ комплекси биноларини реконструкция қилиш ишларининг якуний босқичи кўздан кечирилди. Вилоят раҳбари масъулларга ишларни сифатли якунлаш ҳамда шифохонани кейинги ҳафта фойдаланишга топширишга тайёрлаш вазифасини юклади.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.