Тўра Боболов: Ёшлар етакчиларига кўп ваколатлар берилди, барча раҳбарлар сизларга кўмакчи бўляпти, сизлар бу ишончни суистеъмол қилиб таъмагирлик қилманг!

Сурхондарёда ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш мақсадида вилоят ҳокими Тўра Боболов жойларда йигит-қизларни қизиқтирган масалалар, ўйлантираётган муаммоларга ижобий ечим топиш чораларини кўрмоқда.

Бугун, 29 май куни Термиз шаҳридаги Санъат саройида "Ҳоким ва маҳалла ёшлари етакчилари" учрашуви бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Тўра Боболов, вилоят секторлари раҳбарлари, маҳаллалар ёшлар етакчилари, Ёшлар ишлари агентлиги вакиллари, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимининг тегишли ўринбосарлари иштирок этди.

Дастлаб, вилоят ҳокими ҳудудларнинг кўрсаткичлари, ёшлар етакчилари томонидан йўл қўйилаёган хато ва камчиликлар, улар фаолиятидаги ижобий натижаларни аниқ мисоллар билан санаб ўтди. Шундан сўнг, вилоят секторлари раҳбарлари ва ёшлар етакчилари билан очиқ мулоқот бошланди.

Эркин ва самимий руҳда ўтган мулоқотда ёшларнинг 15 га яқин таклифлари тингланиб, ташаббуслари қўллаб-қувватланди.

Мисол учун, Ёшлар ишлари агентлиги Қумқўрғон тумани бўлими раҳбари Абдувоҳид Холтўраев тумандаги эҳтиёжманд 38 та оиланинг олий таълим муассасаларида ўқиётган фарзандларининг жами 80 млн. сўм миқдоридаги контракт тўловларини тўлаб берилишида ёрдам сўради. Вилоят ҳокими мазкур рўйхат ишчи гуруҳ томонидан ўрганилиб, ҳақиқатда муҳтож оилалар киритилганлиги билгач, белгиланган маблағларни қисқа муддатрларда тўлаб бериш бўйича масъулларга кўрсатма берди.

- Соғлом инсонлар учун спорт мусобақалари ва беллашувлар кўп ўтказилади, - дейди Ангор тумани Илғор маҳалласи ёшлар етакчиси Хуршид Файзуллаев. - Фуқароларимиз орасида ногиронлиги бўлганлар тадбирларга камроқ жалб этилади. Шу сабабли, мен ногиронлар ўртасида "Беш ташаббус" доирасидаги тадбирларни ташкил этиш ташаббуси билан чиқдим. Вилоят ҳокимимиз ушбу ташаббусни қўллаб-қувватладилар ҳамда шаҳар ва туманларда шундай тадбирларни ўтказиш бўйича масъулларга топшириқ бердилар.

- Ёшлар етакчиларига мотивация бериш мақсадида яхши натижалар қайт этган ҳамкасбларимиз учун сайёҳатлар ташкил этиш бўйича таклиф бердим, - дейди Қумқўрғон тумани Дўстлик маҳалласи ёшлар етакчиси Хуршид Абдираимов. - Вилоятимиз ҳокимига раҳмат, ўзим кутганимдан ортиқ жавобни олдим. Улар энг фаол 150 нафар ёшлар бошқа вилоятларга сайёҳатга юборилишини маълум қилдилар. Қайси вилоятга боришни ўзимиз танлар эканмиз. Самолётда бориш ва келиш харажатлари вилоятимиз ҳокимлиги томонидан тўлаб бериладиган бўлди. Биз энди бошқа вилоятлардаги диққатга сазовор жойларни томоша қилиш билан бирга у ердаги тенгдошларимизнинг фаолияти билан танишиш имкониятига эга бўламиз.

Шунингдек, ўзининг ҳақиқий етакчилиги, ташаббускорлиги билан тенгдошларига ўрнак бўла олган, иш фаолиятини намунали йўлга қўйган ва рейтинги юқори бўлган  "А.Жомий" (Термиз шаҳри), "Занг гиламбоб" (Ангор тумани), "Қудуқсой" (Бандихон тумани), Мустақиллик (Бойсун тумани), Ўзгариш (Денов тумани), Улуғбек (Жарқўрғон тумани), "Нурли ҳаёт" (Музработ тумани), "Чинор" (Олтинсой тумани), Шаҳриобод (Сариосиё тумани), А.Темур (Термиз тумани), Серҳаракат (Узун тумани), Ёшлик (Шеробод тумани), Кунчиқиш (Қизириқ тумани), Қарсоқли (Қумқўрғон тумани) маҳаллалари ёшлар етакчиларига вилоят ҳокими томонидан сертификат, китоблар жамланмаси ҳамда замонавий принтерлар топширилди.

Учрашув якунида вилоят ҳокими ёшлар етакчиларига кўплаб ваколатлар берилганлиги ва уларга раҳбарлар кўмакчи бўлаётганлигини айтиб, бу ишончни оқлашни ва таъмагирлик қилмасликни сўради.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.