Расмий муносабат

Бугун қатор сайт ва телеграм каналларида Сариосиё тумани “Карш” маҳалласидаги мактабга борувчи йўл бўйича видеомурожаат тарқалди. Ҳолат вилоят ҳокими томонидан ташвишли қабул қилинди ва муаммони дарҳол ўрганиб, ечими бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш кўрсатмаси берилди.

“Карш” маҳалласи Сариосиё тумани марказидан қарийб 70 км узоқликда, тоғли ҳудудда жойлашган бўлиб, 487 нафар фуқаро 91 та хонадонда истиқомат қилади. Маҳалладаги 80 ўринли мактаб 2018 йилда қурилган ва ҳозирда барча зарур шароитлар билан таъминланган. 2022-2023-йиллар давомида маҳаллага транспорт бориши учун 11 км узунликдаги тоғли ҳудуд орқали янги йўл очилган. Маҳалланинг 5 км ички йўллари тошланиб, таъмирланган. Шунга қарамай видеодаги ички йўлда ноқонуний қурилмалар сабабли таъмирлаш ишлари бажарилмай қолиб кетган.

Йўллар, маҳаллалардаги инфратузилмани ривожлантириш аввало аҳоли фаровонлигини яхшилаш учун амалга оширилаётган бўлиб, болаларнинг сифатли таълим олиши ҳамда хавфсиз ва қулай йўллардан мактабга боришларини таъминлаш бизнинг вазифамиз.

Бироқ, айни ҳозирги кунларда “Карш” маҳалласига борувчи йўл тўлиқ қор билан қопланганлиги сабабли транспортнинг ҳудудга бориш имконияти йўқ. Вилоят ҳокимининг кўрсатмаси билан “Карш” маҳалласидаги мактабга борувчи ички йўлни таъмирлаш бўйича туман ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар томонидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилаётган бўлиб, йўлдаги қор қоплами эригач, таъмирлаш ишлари бошланади. Бу борада амалга оширилган ишлар хусусида жамоатчиликка қўшимча ахборот берилади.

Шу ўринда Сурхондарёнинг олис, тоғли ҳудудидаги йўл муаммосини олиб чиқиб, болалар таълимига эътиборсиз бўлмаган барчага ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.