Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг маданият ва санъат ходимларига байрам табриги

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг маданият ва санъат ходимларига байрам табриги

Қадрли дўстлар!
Маданият ва санъат соҳасининг фидойилари!

Барчамизга маълумки, маданият ва санъат инсонни эзгуликка чорловчи, халқларни бирлаштирувчи энг муҳим восита сифатида қадрлаб келади.

Ҳурматли Президентимизнинг 2020 йил 26 майдаги “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан 15 апрель “Маданият ва санъат ходимлари куни” этиб белгиланди.

Куй-қўшиқ, санъат кириб борган қалб ҳеч қачон ёмонлик истамайди. Шу боис ҳам юртимиз азал-азалдан маданият ва санъат ўчоғи бўлиб келган. Бунга аждодларимизнинг бой маънавий меросини мисол қилишимиз мумкин.

Қадрли воҳадошлар!

Бугун вилоятимизда 150 дан ортиқ маданият ва санъат муассасалари 2 минг 500 дан ортиқ ўз касбининг усталари меҳнат қилмоқда.

Энг қувонарлиси, санъатимиз фидойилари орасида 1 нафар Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, 1 нафар Ўзбекистон Республикаси халқ артисти, 10 нафар Ўзбекистон халқ бахшиси, 10 га яқин “Шуҳрат” медали соҳиблари, 2 нафар “Зулфия” номидаги давлат мукофоти, 6 нафар “Ниҳол” мукофоти совриндорлари борлиги барчамизнинг қалбимизни фахрга тўлдиради.

Воҳамиз азалдан маданият ва санъат ўчоғи бўлиб келган. Биргина вилоят мусиқали драма театри тарихига назар соладиган бўлсак, мазкур кошона 80 йилдан ортиқ тарихга эгалигини кўрамиз. Шу  даврда бу қутлуғ даргоҳда элимизнинг ардоқли ва фидойи санъаткорлари изланиб, ижод қилиб келмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов, Ўзбекистон халқ артистлари Эргаш Каримов, Роза Каримова, Хадича Бобохонова, Ўзбекистон санъат арбоби Мансур Равшанов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Майрам Маҳмудова, Қаноат Миродилова, Амрилло Нарзуллаев, Абдурахмон Намозов, Равшан Намозов каби иқтидорли санъаткорларимизнинг ҳаёт йўлида ушбу театрнинг ўрни беқиёс.

Бугун ҳам бу қутлуғ даргоҳда устоз санъаткорларимизнинг муносиб давомчилари халқимизга беминнат хизмат қилиб келмоқда.

Қадрли санъатимиз фидойилари!

Бахшичилик бешиги бўлган воҳамизда – Шеробод достончилик мактаби вужудга келгани,  унга 1866 йилда Шеробод туманида туғилиб, яшаб ўтган Шерназар бахши Бекназар ўғли асос солганини айтиб ўтиш ўринлидир.

Бугунги кунда ҳам ушбу ноёб ва бетакрор санъат давом эттириб келинаётгани қувонарли ҳолдир.

Шоберди Болтаев, Хўшбоқ Марданақулов, Абдуназар Поёнов, Чори Умиров, Бахшиқул Тоғаев, Сафар Шойдулов, Бахтиёр Артиков, Равшан Маматмуродов, Мухаммади Эшбоев, Зулхумор Шерназарова каби ўнлаб бахши-шоирлар, бетакрор истеъдод соҳиблари ушбу санъатни дунёга кенг тараннум этиб келмоқда.

Ҳурматли Президентимизнинг юксак эътибор ва ғамхўрликлари туфайли бугун маданият ва санъат ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият берилмоқда. Бу борада вилоятимизда ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, вилоятимизда соҳа ходимлари учун 3 та кўп қаватли уй-жой қуриб фойдаланишга топширилди. Муҳташам Санъат саройи барпо этилди. Вилоят қўғирчоқ театри барча замонавий шароитларга эга бино билан таъминланди.

Қадрли санъатимиз фидоийлари!

Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни 15 апрель – Маданият ва санъат ходимлари куни билан бутун воҳадошларимиз номидан муборакбод этаман.

Халқимизга қувонч, маданий хордиқ бағишлаб, юксак маънавиятли, Ватанга содиқ фарзандларни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган Сиз азизларга соғлик-саломатлик, хонадонингизга файзу-барака, ижодий баркамоллик тилайман.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.