Тўра Боболов деҳқончилик билан шуғулланиш истагидаги бандихонлик ёшлар билан учрашди

Сурхондарё вилоятида ёшларни фойдали меҳнатга жалб қилиш орқали даромадини ошириш ва бандлигини таъминлаш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ ва тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Биргина Бандихон туманида 2080 нафар йигит-қиз “Ёшлар дафтари”га киритилган бўлиб, уларнинг орасидан деҳқончилик қилиш истагини билдирган ёшларга йил давомида 748 гектар ер майдони ажратиш белгиланган. Айни вақтгача 237 нафар йигит-қизга 47,5 гектар сувли, унумдор ер майдонлари ажатиб берилди.

Жумладан, деҳқончилик қилиш истагидаги 50 нафар ёшга “Сарой” маҳалласида жойлашган “Бандихон ғурури” фермер хўжалиги ҳудудидан 10 гектар ер 20 сотихдан бўлиб берилди. Туман ҳокимлигининг ёрдами билан ер экинга тайёрланди.

Деҳқончилик билан шуғулланиш истагидаги бу йигит-қизлар билан учрашган Сурхондарё вилояти ҳокими ёшлар бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар, деҳқончилик қилиш учун ажратилган экин майдонларидан оқилона фойдаланиш эвазига мўл ҳосил олиш, даромад топиш, халқимиз дастурхонини сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлдириш зарурияти ҳақида сўз юритди. Йигит-қизларнинг таклифлари, фикр-мулоҳазаларини тинглади.

Тадбир давомида ёшларга экин майдонидан самарали фойдаланиш бўйича зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди. Ниятига эришган, даромад манбаига эга бўлган йигит-қизлар катта куч-ғайрат билан ишни бошлаб юборишди.

— Шу кунга қадар ишсиз эдим. Мана бугун кўплаб ишсиз тенгдошларим қатори менга ҳам унумдор экин майдонидан 20 сотих ер ажратишди, — дейди Муслима Ёқубова. —  Оила аъзоларим билан биргаликда бу ерга биринчи ҳосил учун картошка экдик. Июнь ойида картошка ҳосилини йиғиштириб олиб, ер ёнғоқ экишни ният қилганмиз. Ерга меҳр билан қараб, астойдил меҳнат қилиб, иккита ҳосилдан жами 15 миллион сўм соф даромад олишни мўлжал қилиб турибмиз.

Шу тариқа, бир йилда икки марта ҳосил олишни кўзлаган йигит-қизлар ўзларига ажратилган ер майдонларида ҳозир картошка экишган бўлса, иккинчи экин сифатида ер ёнғоқ экишни режалаштиришаяпти. Бир сўз билан айтганда, бугун бу ёшларнинг қувончи чексиз. Улар берилаётган бундай имкониятлардан унумли фойдаланиш ҳаракатидалар.

Бу каби тадбирлар вилоятнинг барча туманларида амалга оширилмоқда.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.