Тадбиркорга амалий кўмак — янги маҳсулот ва иш ўрни демак
Сурхондарё вилояти ҳокимлигида ҳафтанинг ҳар душанба куни ташкил этиб келинаётган тадбиркорлар қабули билдирилаётган муаммоларни жойида ҳал этиш имконини бермоқда.
Бугун, 1 март куни вилоят ҳокими Тўра Боболов томонидан ўтказилган қабулда ҳам тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
– Павловния ўсимлиги энг тез ўсиши, қимматли ёғоч, асал, биомасса манбаи эканлиги билан бошқа дарахтлардан ажралиб туради. Унинг ёғочидан деярли ҳамма нарса – мебелдан бошлаб, мусиқий асбобларгача ясаш мумкин, – дейди якка тартибдаги тадбиркор Соҳиба Пардаева. – Қабулда вилоятимиз ҳокимидан павловния етиштиришга бўлган қизиқишим, аъло сифатли юқори ёғоч маҳсулдорлиги ва анчагина даромадлилигини инобатга олиб, менга ер майдони ажратилишида амалий ёрдам сўрадим. Менга Термиз тумани ҳудудидан дастлаб 10 гектар ер майдони ажратиладиган бўлди.
Қабулда 40 нафардан зиёд тадбиркорнинг мурожаати тингланди, муаммолар юзасидан соҳа мутасаддилари билан фикр алмашилди. Ҳар бир масалага бир ҳафталик муддат билан масъуллар бириктирилди. Мурожаатлар ижроси вилоят ҳокимлиги томонидан назоратга олинди.
– Бугунги тадбир мен учун ғоят фойдали бўлди, – дейди деновлик тадбиркор Улуғбек Омонов. – Сутни қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириш учун 1 миллард сўм кредит маблағи олишда амалий ёрдам сўрадим. Тижорат банкига, қонун талаблари асосида менга имтёзли кредит ажратиш топшириғи берилди.
Шу тариқа, қабулда кичик бизнес вакилларининг таклиф ва ташаббуслари қўллаб-қувватланди, айримлари юзасидан уларга ҳуқуқий тушунча ва маслаҳатлар берилди. Тадбиркорларга кўрсатилаётган бундай кўмак жойларда янги иш ўринларини яратиш ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари сонининг ортишига хизмат қилади.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz