Ҳокимлик соати: Сурхондарё вилоятида 2022-2023 йилларда 438 та маҳалланинг инфратузилмаси янада яхшиланади
Бугун, 14 ноябрь куни вилоят ҳокимлигида видеоселектор тарзида навбатдаги “Ҳокимлик соати” йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вилоят, шаҳар ва туманлар секторлари раҳбарлари, ҳокимлик аппарати масъул ходимлари, алоқадор бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишни вилоят ҳокими Тўра Боболов бошқариб борди. Ижро интизоми, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, қарорлари ва йиғилиш баёнлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва топшириқларининг вилоятдаги ижроси аҳволи муҳокама қилинди.
Ижро интизомига риоя қилмаган, муддати келган топшириқлар ижросини муддатида тизимга бириктирмаган масъуллар қаттиқ танқид қилиниб, вилоят ҳокимининг тармоқлар бўйича ўринбосарларига йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш ва ижро бўйича ходимларнинг масъулиятини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси юклатилди.
Вилоятда “Яшил макон” умумиллий лойиҳаси доирасида жорий йил 20 октябрдан 1 декабргача “Долзарб 40 кунлик” давомида 6 млн. 5 минг дона кузги манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари экиш режалаштирилган. Экилган дарахт кўчатларини ҳисобга олиш, масъул бириктириш ва келгусида парваришини назорат қилиб бориш учун махсус платформа ишга туширилган бўлиб, бугунги кунда ушбу платформага киритилган ва экилган дарахтлар сони режага нисбатан кам эканлиги қайд этилди.
“Долзарб 40 кунлик” якунига ҳам оз муддат қолганлигини инобатга олиб, бу борадаги ишларни жадаллаштириш бўйича шаҳар ва туманлар ҳамда секторларга вилоят ташкилотларидан масъуллар бириктирилиб, тегишли топшириқлар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-408-сон қарорига асосан Республика ҳудудларини обод қилиш, қишлоқ ва маҳаллаларда инфратузилма билан боғлиқ энг долзарб масалаларни тизимли ҳал этиш, хусусан, жойларда ички йўллар, ичимлик сув, электр энергияси ва газ таъминотини, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва бошқа инфратузилма объектларини яхшилаш, шу асосда аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яхшиланади.
Йиғилишда ушбу ишларни вилоятда сифатли ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, Сурхондарё вилоятининг 438 та маҳалласида 2022-2023 йиллар давомида 532 та тадбир амалга оширилади ва бу учун 423, 2 млрд сўм маблағ йўналтирилади. Жорий, 2022 йилда эса маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш учун 162,2 млрд сўм йўналтиради ва бу борадаги ишлар яқин кунлар ичида бошланади.
Мазкур ишларни сифатли ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди ва вилоят ҳокими масъулларга ҳар бир маҳаллада ишларни ўз муддатида амалга оширишни, аҳоли амалга оширилаётган ўзгаришларни ўз ҳаётида хис этишлари лозимлигини таъкидлади.
Йиғилишда, шунингдек, 2022-2023 йил қиш ва баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичларининг бажарилиши юзасидан ўтган муҳокама йиғилишларида берилган вазифалар ижроси шаҳар ва туманлар кесимида кўриб чиқилди.
Ушбу масала доимий кун тартибида бўлиши, унинг ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўйган масъуллар қаттиқ жазоланиши ҳамда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш устувор вазифа эканлиги айтиб ўтилди.
Йиғилиш сўнгида вилоятда экспорт кўрсаткичларининг бажарилиши, шаҳар ва туманлар кесимида белгиланган прогноз-режаларнинг ижроси муҳокама қилинди. Бу бора олиб борилаётган ишлар бўйича масъулларнинг ҳисоботлари тингланди ҳамда экспортни кўпайтириш, экспортёрлар ва экспортбоп маҳсулот етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz