Президент топшириғи амалда: табиий газ таъминоти янада яхшиланади

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида “Термиз” эркин иқтисодий зонаси ва Термиз шаҳри истеъмолчиларини табиий газ билан таъминлаш учун Ангор тумани Баҳор маҳалласи ҳудудидаги “Қорақир” АГРСдан 38,9 километр масофага қувур ётқизиб, юқори босимли газ тармоғи қурилишини амалга ошириш юзасидан тегишли топшириқ берилган эди.

Янги лойиҳанинг ишга туширилиши “Термиз” эркин иқтисодий зонаси ва Термиз шаҳридаги 16 та маҳаллага қишин-ёзин ишончли табиий газ етказиб беришга хизмат қилади. Айни пайтда “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали қурилиш-монтаж бошқармаси ишчилари мазкур обьектда юқори босимли қувурларни ётқизмоқда.

– Шу кунгача бунёдкорлар қарийб 30 километр масофага қувур ётқизди, – дейди “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали директори биринчи ўринбосари З.Маманов. – Ушбу лойиҳани тезроқ ишга тушириш учун барча имкониятлардан самарали фойдаланилмоқда. Бу қувур орқали вилоят марказидаги “Гулистон”, “Каттабоғ”, “Гулираъно”, “Сурхон Соҳили”, “Мажнунтол”, “Юлдуз”, “Боғишамол”, “Мангузар”, “Чегара”, “Кокилдорота”, “Намуна”, “А.Навоий”, “Тинчлик”, “Жўйжангал”, “Маърифат”, “Меҳробод” маҳалла фуқаролар йиғинидаги истеъмолчиларга барқарор табиий газ етказиб бериш йўлга қўйилади. 

Жанубдаги вилоятда 591 минг 373 та аҳоли хонадони ва 2 минг 115 та улгуржи истеъмолчи газ ёқилғисидан фойдаланади. Хонадонларнинг 116 минг 162 таси табиий ва 475 минг 209 таси суюлтирилган газ билан таъминланади. Соҳа мутахассисларининг айтишича, воҳадаги газ қувурларининг узунлиги 2 миллион 397 минг 392 километрни ташкил этади. Унинг 192 минг 937 километри юқори босимли, 642 минг 630 километри ўрта босимли, 1 миллион 561 минг 825 километр қисми паст босимли газ қувурларидир. Истеъмолчиларга 2 минг 541 дона газ тақсимлаш пункти орқали табиий газ етказиб берилмоқда.

Воҳада жорий йилги қиш фаслининг бошланишида аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш жараёнида ечимини кутаётган айрим камчиликлар борлиги аниқланди. Шунга кўра, газчилар қишнинг совуқ кунлари юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратиб, вилоят ҳудудидаги газ қувурларининг созлигини қайта кўздан кечирмоқда. Жойлардаги қувурлар “маҳаллабай” кесимда таъмирланиб, юз бериши мумкин бўлган носозликларнинг олди олинаётир. 

Мутахассисларнинг маълумотига кўра, 2017-2021 йилларда воҳанинг 220 дан ортиқ маҳалласида 120 мингдан зиёд хонадоннинг табиий газ таъминоти тубдан яхшиланди. Бунинг учун 125,9 километр газ тармоғи ва 257 дона газ тақсимлаш пункти янгиланди. Ангор туманидаги “Қорақир” АГРСдан вилоят марказига тортилаётган янги юқори босимли газ тармоғида қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилгач, Термиз шаҳридаги 10 мингтага яқин кўп қаватли уй ва якка тартибдаги турар-жой бинолари, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий соҳа тармоқлари узлуксиз табиий газ билан таъминланади.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.