Улуғбек Қосимов Денов туманини комплекс ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди

Бугун вилоят ҳокими Денов тумани марказини пиёда юрган ҳолда ўрганди. Масъуллар танқид қилинган, камчиликлар кўрсатиб ўтилган ўрганиш ишлари давомида бир қатор тадбиркорлик, турар жой ва ижтимоий соҳа объектлари кўздан кечирилди. Камчиликлар ҳамма жойда бор, лекин масъуллар туман ҳокимлиги биносининг ёнгинасида савдо қилаётган савдогарларга, харидорларга шароит яратмаганлиги, бунга панжа ортидан қараб келганлиги вилоят раҳбарининг қаттиқ танқидига сабаб бўлди.

Денов тумани эски деҳқон бозори ўрнида амалга оширилиши керак бўлган лойиҳалар ўз ҳолига ташлаб қўйилган, ҳудуд чиқиндилар билан тўлган. Сотувчилар учун бошқа ҳудудда шароит яратилмаганлиги сабабли шу ернинг ўзида ёйма савдолар қилишмоқда.

Вилоят раҳбари бозор ҳудудини чиқиндилардан тозалаш, ҳудудни ободонлаштириш, сотувчиларни шароитларга эга бошқа ҳудудга кўчириш, чала қолган қурилишларни якунлаш ва бозор ўрнида қурилиши белгиланган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар белгилаб берди. Шунингдек, тозалаш ишларини бугундан бошлаш ва одамлар кайфиятини хира қилувчи ҳолатларни бартараф этиш бўйича масъулларга вазифалар юкланди.

Денов тумани ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда бу борадаги ишларни мувофиқлаштириш, белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича штаб фаолиятини йўлга қўйиш топшириғи берилди. Шунингдек, йиғилиш давомида вилоят ҳокими Денов туманидаги лойиҳалар, амалга ошириладиган ишлар тақдимоти билан ҳам танишди.

Шундан сўнг, вилоят ҳокими Денов туманидаги 82-сонли мактабнинг янги қурилган биносини бориб кўрди. Янги қурилган мактаб биноси жиҳозлар етказиб берилмаганлиги сабабли ишга туширилмаган. Масъулларга мактаб жиҳозларини етказиш, ўқув биносини барча шароитлар билан таъминлаган ҳолда фойдаланишга топшириш бўйича аниқ муддатлар белгиланган ҳолда кўрсатмалар берилди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.