Кичик бизнeс ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, реал даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Шу боис Сурхондарё вилоятида ҳам тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратилмоқда, улар фаолиятида юзага келаётган муаммо ва тўсиқларни тезкор бартараф қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимовнинг бугун, 27 февраль куни вилоят, туман ва шаҳар ҳокимининг тегишли ўринбосарлари, мутасадди вилоят ташкилотлари раҳбарлари иштирокида ўтказилган “Тадбиркорлар қабули”да ҳам 30 га яқин хусусий сектор вакилларининг мурожаатлари, таклиф ва ташаббуслари атрофлича ўрганилди.
Мурожаатларнинг асосий қисми тадбиркорлар фаолиятини кенгайтириш учун тижорат банкидан кредит, субсидия маблағлари ажратиш, аукциондан олинган майдонларни ҳужжатлаштириш, олинган кредит мудатларини узайтириш, хўжалик юритувчи субьектларга кўрсатилган хизмат ва берилган маҳсулот учун тўланмай қолган маблағни ундириш каби масалалар билан боғлиқ бўлди.
Қабул давомида тадбиркорлардан тушган мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилган бўлса, ечими маълум вақт талаб этадиган масалалар бўйича соҳа мутасаддиларга аниқ вазифалар юклатилди. Барча мурожаатларнинг ижроси вилоят ҳокими томонидан назоратга олинди.
Маълумот ўрнида, ҳафтанинг ҳар душанба кунлари ўтказиладиган “Тадбиркорлар қабули”да иштирок этиш учун душанбадан жума кунига қадар соат 9:00 дан 17:00 га қадар (+99876) 225 12 37, (+99891) 585 02 42, (+99890) 645 53 80 рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати