Халқаро турнир иштирокчилари Термизга келди

Термиз шаҳрида 28 йилдан буён икки йилда бир марта анъанавий ўтказиб келинаётган мазкур турнир дунёнинг тўртта қитъасида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Коронавирус пандемияси шароитида сайёрамизнинг 30 га яқин давлатидан энг номдор полвонлар гиламга тушиш истагини билдиргани бунга яққол далилдир.


Бу йил анъанавий турнирнинг умумий мукофот жамғармаси 100 минг АҚШ доллари этиб белгиланган. Ҳар бир вазн тоифасида ғолиблар 3 минг, 2-ўринни қўлга киритган спортчилар 2 минг, иккита 3-ўрин совриндори 1000 АҚШ доллари миқдорида пул мукофотига сазовор бўлади. Мутлақ вазнда ғолиб бўлган полвон Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини – 10 минг АҚШ долларини қўлга киритади. 2-ўрин эгасига 5 минг, иккита 3-ўрин совриндорларига 3 минг 500 АҚШ доллар миқдорида пул мукофоти топширилади.


Жаҳоннинг энг сара полвонларини қадимий ва ҳамиша навқирон Термиз шаҳрига чорлаётган нуфузли турнирда иштирок этиш учун Доминикан Республикаси кураш федерацияси президенти Жейми Казанова, Руминия кураш федерацияси президенти Наим Белгин каби мартабали меҳмонлар ҳам келди.
Эртага Халқаро кураш ассоциацияси президенти Ҳайдар Фармон, Африка кураш федерацияси президенти Донкор Тюмоснинг келиши кутилмоқда.


Бугун, куннинг иккинчи ярмида Термиз шаҳрида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани, ҳакамлар семинари, барча вазн тоифаларида расмий вазн ўлчаш ва қуръа ташлаш маросимлари ўтказилади.
Халқаро турнир эртага, 10 апрель куни "Алпомиш" стадионида бошланади.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.