Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз туманига ташрифининг кейинги манзилида Амударёнинг қоқ ўртасида жойлашган, қамишзор, тўқайзор ва қумлардан иборат – “Пайғамбар ороли”да бўлиб, “Зул-Кифл” мақбарасини зиёрат қилди.

Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз туманига ташрифининг кейинги манзилида Амударёнинг қоқ ўртасида жойлашган, қамишзор, тўқайзор ва қумлардан иборат – “Пайғамбар ороли”да бўлиб, “Зул-Кифл” мақбарасини зиёрат қилди. Жонлиқ сўйилиб, Қуръон тиловат қилинди. Яратгандан юртимизга тинчлик-фаровонлик тилаб дуолар қилинди.

ЮНЕСКОнинг табиат ёдгорликлари рўйхатига киритилган, майдони тахминан 4 минг гектарлик сатҳга эга, узунлиги 8, эни 5-6 километр бўлган ушбу орол пайғамбарлардан бирининг рамзий қабри жойлашган манзил сифатида қадрланади. Унинг “Пайғамбар ороли” номини олиши ҳам шундан — бу ерда Қуръони каримда зикр этилган йигирма беш пайғамбардан бири бўлмиш, милоддан аввалги VI-VII асрларда яшаб ўтган Зул-Кифл алайҳиссалом мақбараси мавжуд.

Оролдаги “Зул-Кифл” мақбараси турли даврларда бунёд этилган гумбазли катта масжид ва жанубдан туташган сағанали ҳилхона ҳамда ғарб томондан бириктирилган икки хонадан иборат. Масжид мураббаъ тарҳли, олди пештоқли, безаги ғишт чоргул ва арча тарзида терилган, меҳробига ганч гириҳ нақш ишланган. Мақбара 2018 йил бошида реконструкция қилиниб, обод ҳолга келтирилди.

Тарихчиларга кўра, Юнон-Бақтрия подшохлиги даврида “Пайғамбар ороли” мунтазам савдо ва кечув жойи сифатида муҳим манзилгоҳ ҳисобланган. Х-ХII асрларда нафақат Термиз шаҳри, балки унинг рўпарасидаги ушбу орол ҳам гавжум жой бўлган. Пайғамбар ороли 1220 йилнинг кузига қадар Термизнинг Жайхун орқали савдосида муҳим ўрин тутган. Шаҳар Чингизхон қўшинлари томонидан вайрон этилгандан сўнг “Пайғамбар ороли” савдо манзили сифатида ўз аҳамиятини йўқотади.

Ушбу орол қўшни Афғонистонга туташ бўлгани боис чегарачилар томонидан қўриқланади.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.