Улуғбек Қосимов: “Аҳолимиз розилиги ва фаровонлигини таъминлаш учун халқ хизматчиси сифатида бу йилда ишларимизни янги босқичга олиб чиқамиз”

Янги лойиҳалар – бу янги иш ўринлари ва бюджетга қўшимча даромад дегани. Шу сабабли ҳам юртимизда янги иш ўринлари яратаётган, давлат иқтисодиётининг таянчига айланаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Жарқўрғон туманига ташрифининг дастлабки манзилида ҳам мазкур масалага эътибор қаратиб, янги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Тақдимот билан танишиш жараёнида вилоят раҳбари камбағалликка қарши курашишнинг энг асосий омили янги иш ўринлари эканлигини таъкидлаб, лойиҳаларни такомиллаштириш, иш ўринлари сонини ошириш юзасидан тавсияларни берди. Шунингдек, Оқтепа сув омбори бўйида “Экотуризм” маскани ташкил этиш ишлари ҳам кўздан кечирилди.

Кейинги манзилда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг асосий манбаи бўлган қишлоқ хўжалиги майдонларини шудгорлаш ишларининг бориши “Жарқўрғон тажриба” фермер хўжалиги мисолида кўриб чиқилди ҳамда сув исрофини камайтириш учун ариқларни бетонлаш ишлари кўздан кечирилди. Ишларни сифатли амалга ошириш, ариқларни бетонлашда тармоқларда кузатилаётгани каби дарахтларнинг таги ёпилиб қолмаслигини таъминлаш топширилди.

Вилоят раҳбари туман маданият бўлими, 20-сонли боғча ва 66-сонли мактаб “Маънавият сектори”ни ташкил этилиши ҳолати билан ҳам танишди. Маданият ходимлари билан соҳани ривожлантириш, воҳага хос-урф одатларни сақлаш ва ёш авлодга ўргатиш масалаларида суҳбат қилинди.

Шундан сўнг, “Янги Ўзбекистон” массивидаги хонадонларда иситиш тизимининг ишлаш ҳолати, янги турар-жойларнинг қурилиши кўздан кечирилди ҳамда янгидан қуриладиган маҳалла бинолари тақдимоти билан танишилди.

Ташриф сўнгида вилоят ҳокими қатор маҳаллалар “еттилиги” томонидан 2024 йилда амалга ошириладиган ишлар режаси, туман сектор раҳбарларининг танлаб олинган 4 та қолоқ маҳаллани ривожлантириш бўйича тақдимотлари билан танишди ҳамда туманда “IT” хизматлар экспортини кўпайтириш ва соҳаларни рақамлаштириш ишларининг бориши юзасидан ҳисоботларни тинглади.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.