“Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалига тайёргарлик жараёнлари билан танишилди
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Бойсун туманига ташриф буюриб, автомобиль йўлларини қуриш бўйича лойиҳалар тақдимоти, ишларнинг бориши, “Бойсун баҳори” фестивалига тайёргарлик жараёнлари ҳамда касб-ҳунар мактаби фаолияти билан танишди.
Хусусан, Сурхондарё вилояти ҳудудидан ўтувчи 4Р-105 “Дарбанд-Бойсун-Элбаён” автомобиль йўлининг 5-70 км ва 4Р-100 “Манғузор-Жарқўрғон-Бандихо-Олтинсой-Денов” автомобиль йўлининг 128-174 км қисмларини реконструкция қилиш лойиҳаси тақдимот қилинди. Шунингдек, ушбу йўлларда амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишлари юзасидан ахборот берилди. Вилоят раҳбари иккала йўлнинг аҳамияти, биринчи навбатда аҳоли кайфиятига таъсир этишини инобатга олиб, ишларни сифатли амалга ошириб, одамларимизнинг розилигини таъминлаш бўйича топшириқлар берди.
Жорий йилда Сурхондарёда ҳар икки йилда ўтказиладиган “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивали бўлиб ўтади. Фестивалнинг халқаро даражадаги аҳамиятини инобатга олиб, тайёргарлик ишлари ўтган йилдан бошланган. Бу йилги фестивал тадбирлари туманнинг “Бибиширин” маҳалласида қурилган, умумий қиймати 47,0 млрд сўмлик туризм комплексида ўтказилади. Вилоят раҳбари комплексга ташриф буюриб, мутасаддилар билан тайёргарлик ишларини кўздан кечирди.
Халқаро фольклор фестивалини ўтказиш бўйича тузилган ишчи гуруҳлар раҳбарлари ҳудудда концерт томошалари, кўргазмалар, шаҳар ва туманлар қўрғонлари, марказий саҳна – амфитеатр жойлашуви, уларнинг безатилиши, спорт мусобақаларини ташкил этиш, жараёнларни ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ҳамда хориж нашрларида ёритишга тайёргарлик кўриш юзасидан ахборот беришди. Халқимизнинг кўп асрлик қадриятлари ва анъаналарини ўзида тараннум этувчи халқаро фольклор фестивалига пухта ҳозирлик кўриш ҳамда юқори савияда ўтказиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Маълумот учун бу йилги “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивали май ойининг биринчи ўн кунлигида ўтказилиши режалаштирилган.
Шундан сўнг, вилоят раҳбари тумандаги 1-сон касб-ҳунар мактабида Германия давлатига ишга бориш истагини билдирган ёшларга немис тилини ўқитиш, IT дастурлаш ва график дизайн курслари фаолияти билан танишди. Ўқувчилар билан суҳбатлашиб, таълим жараёнлари, қизиққан соҳалари бўйича эгаллаган билимлари ҳамда келгусидаги режаларини тинглади.
Шунингдек, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларга касб-ҳунар ўргатиш мақсадида ташкил этилган “Ҳунармандчилик маркази” фаолияти ва у ерда тайёрланган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўздан кечирилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz