Қумқўрғонга ташриф: Таълим, тиббиёт ва мурувват масканлари фаолияти, аҳолининг деҳқончилик тажрибаси билан танишилди

Ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари ва топшириқлар ижроси, таълим, тиббиёт масканлари фаолияти ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаси, аҳолининг деҳқончилик тажрибаси билан яқиндан танишиш мақсадида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Қумқўрғон туманига ташриф буюрди.

Дастлаб, туманнинг “Нурмамат Мирзаев” ҳудудидаги “Жалоир қўрғонча” фермер хўжалиги даласида чигит экиш ишларининг бориши билан танишилди. Туман сектор раҳбарлари бу борада амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот беришди. Вилоят раҳбари айни тупроқ оби-тобига келган пайтда чигитни экиш, уни сифатли ундириш мўл ҳосилнинг асосий омили эканлигини таъкидлаб, мутасаддиларга вазифаларни белгилаб берди.

Кейинги манзилда, ушбу маҳалладаги 103-сонли оилавий поликлиниканинг янги биноси фойдаланишга топширилди. Тиббиёт муассасаси 18 йил давомида касб-ҳунар коллежининг учта хонасида жойлаштирилган бўлиб, 30 га яқин тиббиёт ходимлари қийин шароитларда фаолият юритишган. Тадбирда сўзга чиққан аҳоли вакиллари яратилган шароитлардан мамнунлигини таъкидлашиб, давлатимизга ўз миннатдорчиликларини билдиришди. Шунингдек, видеоконфренцалоқа шаклида “Боботоғ” оилавий шифокорлик пункти ҳам фойдаланишга топширилди.

Вилоят раҳбари очилиш маросимида тиббиёт ходимларига аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда касалларни даволаш билангина эмас, балки, касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш билан шуғулланиш лозимлигини таъкидлади. Патронаж ҳамшираларга бу борадаги ишларни сифатли амалга ошириш учун планшетлар, оилавий поликлиника учун тиббий асбоб-ускуналар, компюьтер жамланмалари топширилди.

Шундан сўнг, Президентимиз ҳузурида жорий йил 20 февраль куни ўтказилган видеоселекторда берилган “Мурувват” уйлари ва Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларида ижтимоий хизматларни мобил ва кундузги қатнов шаклида кўрсатишни йўлга қўйиш топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида Қумқўрғон ногиронлиги бўлган болалар учун “Мурувват” интернат уйига ташриф буюрилди. Интернат уйи спорт анжомлари ва замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланиб, мобиль ва кундузги қатнов асосида тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган. Танишув давомида фарзандини олиб келган она билан суҳбатлашилди. Бир неча йиллардан бери қийинчиликлар билан вилоят марказига қатнашга мажбур бўлган она Президентимизга яратиб бериган шароит учун ўз миннатдорчилигини билдирди.

Вилоят раҳбари ташрифини “Янгиер” маҳалласида давом эттирди. Маҳаллада яшовчи Акрам Хурсановнинг хонадонида бўлиб, энергия ва сув тежамкор иссиқхонаси билан танишди. Ўтган йилги даромадидан марказлашган, ёқилғи тежамкор иситиш печларини ўрнатган ҳамда ёмғир сувини йиғиб, томчилатиб суғориш тизимини йўлга қўйган. Вилоят раҳбари тажрибани маҳаллада оммалаштириш лозимлигини қайд этди. Шунингдек, шу ернинг ўзида маҳалла “еттилиги” фаолияти юзасидан ахборотлари тингланди. Уларнинг фаолияти эътироф этилиб, келгусидаги вазифалар белгилаб берилди.

Ташрифнинг кейинги манзили 7-сонли мактаб бўлди. Мактаб ҳудудидаги 10 сотих бўш ер майдони шу маҳаллада яшовчи, гулчилик ва кўчатчилик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорга ижарага берилган ҳамда ўқувчиларга иссиқхоначилик илмлари ўргатиш йўлга қўйилган. Мактаб фаолияти, икки хорижий тил ва битта касб ўргатиш тўгараклари фаолияти билан танишган вилоят раҳбари тажриба яхши йўлга қўйилганлигини таъкидлади. Шунингдек, мактабда ўтказилаётган “Наврўз” умумхалқ байрами тадбирларида иштирок этилди.

Вилоят раҳбари мактабда 10 сотихли иссиқхона ташкил этган тадбиркорнинг хонадонида ҳам бўлиб, кўчатчилик фаолияти билан танишди. Мутасаддиларга тажрибани маҳаллада оммалаштириш топширилди, тадбиркордан ўқувчилар ва маҳалла ёшларига ўз тажрибасини ўргатиш сўралди. Маҳаллага ташриф давомида ҳудуддаги боғчада ҳам бўлиниб, гимнастика тўгараги фаолияти билан танишилди, болажонларга совғалар улашилди. Шунингдек, маҳалла ҳудудидаги ташландиқ боғ ҳам кўздан кечирилиб, дарахтларни сақлаб қолган ҳолда қайта реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди. Боғ ҳудудида манзарали дарахт ва гул кўчатлари экилиши, қулай инфратузилма яратилиши белгиланди.

“Янгиер” маҳалласида, шунингдек, фаолиятсиз бино негизида ташкил этилган меҳнат гузарида бўлиниб, ишсиз хотин-қизларни тикувчиликка, Германияга ишга бориш истагини билдирган ёшларга немис тилини ўқитиш курслари ва кутубхона фаолияти билан танишилди. Шу ернинг ўзида туман ҳокими ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш лойиҳаларини тақдимот қилди. Вилоят раҳбари туман ҳокими ва мутасаддиларга амалга ошириладиган ишлар юзасидан топшириқларни берди. Маҳалла ҳудудидаги савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари фаолияти ҳам кўздан кечирилди.

Туманга ташриф якунида “Берди бобо” тантаналар саройида “Вилоят ҳокими кубоги” учун “Заковат” интеллектуал ўйинлари вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Вилоят раҳбари ёшларга фақатгина илм ўрганиш билан ўз келажагини қуришлари мумкинлигини, Янги Ўзбекистон “Учинчи Ренессанс”ни илмли ва билимли ёшлар билан қуришни мақсад қилганлигини таъкидлади.

Шу билан Қумқўрғон туманига ташриф якунига етди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.