Сел-сув тошқинлари оқибатларини бартараф этиш ишларида 10 минг ҳашарчи иштирок этмоқда
Хабар берилганидек, куни-кеча Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Қумқўрғон туманидаги сел-сув тошқинларидан талофат кўрган маҳаллаларда бўлиб, вилоятнинг барча ҳудудларидан ҳашарчилар ва махсус техникаларни жалб қилиш, ишларни жадаллаштириш топшириғини берган эди.
Бугун топшириққа мувофиқ “Элобод”, “Янгишаҳар”, “Боғаро” ва “Азларсой” маҳалларидаги 61 та кўча шаҳар ва туманларга бириктирилди. Ҳудудлардан 10 мингга яқин ҳашарчи, 200 дан ортиқ юк машиналари, 100 га яқин махсус транспорт воситалари, 50 та мотопомпа воситалари жалб қилинган.
Ҳашар ишлари аввалида вилоят раҳбари мутасаддилар, шаҳар ва туманлардан жалб қилинган кўнгиллилар билан учрашиб, аҳоли яшаши учун зарур шароитларни яратиш ва талафот кўрган ҳудудларни обод масканга айлантириш бўйича белгилаб олинган чора-тадбирлар билан таништирди.
Амалга оширилган сай-ҳаракатлар натижасида бугун эрталабдан ҳозирга қадар 130 дан ортиқ хонадонлардаги лойқа сувлар махсус техникалар ва мотопомпалар ёрдамида тозаланди, 12 та кўчадаги 12 км ички йўллар шағаллаштирилиб, таъмирланди. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимлари ходимлари томонидан сув ва лойқалардан тозаланган 3 мингдан ортиқ объектдан, хусусан, аҳоли хонадонлари, ошхона ва ёрдамчи бинолари, ижтимоий соҳа объектларида ҳамда 2,5 мингга яқин сув ҳовузларида дезинфекциялаш ишлари амалга оширилди.
Шунингдек, аҳоли қарамоғидаги 100 дан ортиқ чорва моллари хавфсиз ҳудудларга олиб ўтилиб, ветеринария хизматлари кўрсатилди. Тозаланган ва тартибга келтирилган кўчалар бўйлаб, 1 мингдан ортиқ, мавсумга мос дарахт ва бута кўчатлари ўтқазилди.
Айни вақтда Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Миллий гвардия бошқармалари бошлиқлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари раҳбарлигида бириктирилган кўчалар бўйлаб, тозалаш-таъмирлаш, ободонлаштириш, кўчаларни тартибга келтириш ва дарахт кўчатлари экиш ишлари давом этмоқда.
Бундан ташқари, келгусида сел-сув тошқинларининг олдини олиш, ёпилиб қолган сел йўлларини очиш, янгиларини ташкил этиш, тўртта маҳаллада ҳам ишларни тизимли, босқичма-босқич сифатли амалга амалга оширган ҳолда, аҳолини яшаш манзилларига қайтариш, уларга зарур шароитларни яратиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz