Татаристон ва Сурхондарё алоқалари янги босқичда ривожланади
Термиз туманида жойлашган “Меҳмонлар уйи” комплексида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ва Татаристон Республикаси Раиси Рустам Минниханов иштирокида делегацияларнинг кенгайтирилган таркибдаги музокаралари бўлиб ўтди.
Музокаралар аввалида Рустам Минниханов кўрсатилган ҳурмат ва юқори даражадаги қабул учун вилоятимиз раҳбарига ўз миннатдорчилигини билдирди. Татаристон Республикаси Раиси ва Сурхондарё вилояти ҳокими ўзбек ва татар халқларини Муборак Рамазон ойи билан қутлади.
Татаристон раҳбари Сурхондарёнинг бой тарихи билан танишуви унда катта таассурот қолдирганлигини таъкидлади. Вилоятимиз ҳокими Сурхондарёнинг савдо-иқтисодий ҳамда инвестицион жозибадорлиги ва мавжуд салоҳияти ҳақида маълумот берди. Шунингдек, икки томонлама манфаатли ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди. Хусусан, нефтни қайта ишлаш, транспорт ва логистика, таълим, қишлоқ хўжалиги, инновацион технологиялар ҳамда чорвачиликни ривожлантириш соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди.
Келгусида ҳамкорлик алоқаларини маданий соҳаларда ҳам ривожлантириш мақсадида маданият кунларини ташкил этиш, ўтказиладиган байрам тадбирларида икки ҳудуд делегацияларининг ташрифларини уюштиришга келишилиб олинди.
Татаристон ва Сурхондарё ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичда ривожлантириш бўйича ўтказилган учрашув якунлари юзасидан икки ҳудуд раҳбарлари томонидан баённома имзоланди.
Музоракаралар аввалида “Меҳмонлар уйи” комплексида Сурхон воҳасининг ўзига хос миллий урф-одат ва анъналари ҳамда миллий таомлари кўргазмалари ўтказилди. Тадбирларда Сурхондарёдаги Рус маданияти маркази ҳам ўз чиқишлари билан иштирок этди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz
8 изоҳ