Жарқўрғонга ташриф: Ижтимоий соҳа объектлари фаолияти, аҳоли хонадонлари билан танишилди
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ишлар, таълим, тиббиёт масканлари, маҳалла “еттилиги” фаолияти, “Сайҳунобод тажрибаси”ни жорий этиш тадбирларининг бориши билан танишиш мақсадида Жарқўрғон туманига ташриф буюрди.
Вилоят раҳбари ташрифини тумандаги 33-сонли мактабдан бошлади. “Маънавият сектори” ва таълим жараёнлари, мактаб ҳудудининг ободонлаштирилиши кўздан кечирилди. Ташаббускорлиги, таълим жараёнларининг сифатли ташкил этганлиги ҳамда мактаб ҳудуди ободлиги учун мактаб директори фаолияти эътироф этилиб, мутасаддиларга вилоят ҳокими номидан рағбатлантириш вазифаси топширилди.
Шунингдек, вилоят ҳокими мактабда ўтказилаётган “Оталар йиғилиши”да ҳам иштирок этди. Фарзанд тарбиясида оталар роли муҳим эканлиги таъкидланиб, бу борада намуна кўрсатаётган, ўз фарзандининг таълимига масъулият билан ёндошаётган оталарга ташаккурномалар топширилди.
Ташрифнинг кейинги манзили тумандаги 27-сонли оилавий поликлиника бўлди. Вилоят раҳбари ҳудуд аҳолиси тарқоқ жойлашганлиги, патронаж хизмати кўрсатишда қийинчиликлар юзага келаётганлиги сабабли биринчи марта тажриба сифатида патронаж ҳамшираларига скутерлар ва патронаж сумкаларини топширди.
Бундан ташқари патронаж ҳамширларига УзГПРС тармоғига уланган планшетлар топширилди. Шу ернинг ўзида ушбу планшетларнинг афзаллик ва қулайликлари тақдимот қилинди. Ҳамшираларнинг кунлик ишлари, кирилган хонадонлар, уларда аниқланган касалликлар кўрсаткичлари онлайн тизимга киритилиб борилади. Ушбу маълумотлар 6 ой давомида сақланади ва патронаж ҳамшираларининг иш фаолияти самарадорлик кўрсаткичларини шу орқали баҳолаш имконияти яратилади.
Оилавий поликлиника фаолияти билан танишувда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев ҳам иштирок этди.
Шундан сўнг вилоят раҳбари Улуғбек Қосимов ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев мутасаддилар билан туманнинг “Қораёғоч” маҳалласида “Сайҳунобод тажрибаси”ни жорий этиш ишлари билан танишишди. Иқтисодий комплекс мутасаддилари маҳаллада тажриба асосида ишларни ташкил этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш борасидаги фаолиятлари юзасидан ахборот беришди.
Маҳалла бўйлаб аҳоли хонадонларида бўлиниб, қилинган ишлар кўздан кечирилди. Аҳоли ва тадбиркорлар билан мулоқот қилинди. Ҳудудда уч йил олдин ўзини ўзи банд қилиши, оиласи учун қўшимча даромад олиши учун ер майдонлари аҳолига ажратиб берилган. Ушбу ер майдонларидан самарали фойдаланиб келаётган деҳқонлардан бири ўтган йилнинг ўзида 250 млн сўм даромад олганлигини таъкидлади ва яратиб берилган имконият учун давлатимизга ўз миннатдорчилигини билдирди. Вилоят раҳбари ушбу тажриба асосида деҳқончилик учун янги ер майдонларини аукцион савдоларига чиқариш вазифасини топширди.
Шунингдек, маҳаллада ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг ҳам фаолияти билан танишилди. Лойиҳасини кенгайтириш, ишлаб чиқариш ускуналарини олиб келиш мақсадида бўлган тадбиркорга кўмак бериш зарурлиги қайд этилди.
Танишув давомида вилоят раҳбари маҳалладаги қийналган, ижтимоий ҳимоя муҳтож оила хонадонида ҳам бўлди. Оилани камбағалликдан чиқариш ва даромад манбаига эга бўлиши учун зарур кўмак кўрсатиш бўйича туман мутасаддиларига вазифалар белгилаб берилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz
1 изоҳ