Термиз шаҳрида “Сайхунобод тажрибаси”ни жорий этиш ишлари ўрганилди

Президентимизнинг жорий йил 14 март куни Сирдарё вилоятига ташрифида аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларини ошириш ва камбағалликни қисқартириш борасидаги “Сайхунобод тажрибаси”ни республика бўйича оммалаштириш вазифаси топширилган эди.

Мазкур тажрибани Сурхондарё вилояти шаҳар ва туманларида ҳам жорий этиш бўйича амалий ҳаракатлар бошланган бўлиб, бугун вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз шаҳрида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Дастлаб, вилоят раҳбари “Гулираъно” маҳалласида яшовчи Камолиддин Жўраевнинг яшаш хонадонида ташкил этилган қуёнчилик фаолияти билан танишди. Ўз хонадонида қуён боқиб, оиласига даромад келтираётган фуқаро билан суҳбатда фаолиятини кенгайтиришдаги мавжуд муаммолари ўрганилди. Шаҳар ҳокимига қуёнчилик лойиҳасини кенгайтириш учун фуқарога ер билан боғлиқ масалаларини ҳал этишда кўмаклашиш ҳамда кредит маблағи ажратилишида ёрдам бериш топширилди.

Кейинги манзилда “Термиз Строй Текс” МЧЖ томонидан ногиронлиги бўлган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган тикувчилик, нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳалари билан танишилди. Қаровсиз ер майдонида ташкил этилган корхоналарда 18 нафар ногиронлиги бўлган шахслар, 10 нафар “Ягона ҳимоя реестри”да турган хотин-қизлар бандлиги таъминланган.

Лойиҳа яхши йўлга қўйилганлиги қайд этилиб, корхоналар фаолиятини кенгайтириш, ногиронлиги бўлган шахслар учун кўпроқ иш ўринлари яратиш мақсадида ҳудуддаги бўш турган бинони ҳам шу мақсадларга йўналтириш топшириғи берилди.

Шундан сўнг, шаҳарнинг Термиз тумани билан туташ ҳудудида жойлашган “Намуна” маҳалласида бўлинди. Маҳаллада 500 дан ортиқ хонадонда иссиқхоначилик фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, аҳоли томорқадан фойдаланишда яхши тажрибага эга. Иссиқхоналарда, помидор, бодринг, булғор қалампири, сабзавотлар ҳамда папая дарахтини етиштириш йўлга қўйилган. Ҳудуд аҳолисининг деҳқончиликдаги бой тажрибасидан унумли фойдаланиш, кўплаб маҳаллаларда ушбу тажриба асосида ишларни ташкил этиш мумкинлиги таъкидланди.

Вилоят раҳбари маҳаллага ташрифи якунида аҳоли томорқалари ҳамда фермер ва деҳқон хўжаликларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспортга йўналтирувчи “Агрегаторлар” фаолияти билан танишди. Тадбиркорлар билан мулоқот қилинди. Мутасаддиларга экспортёрларга яқиндан кўмак кўрсатиш вазифаси юкланди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.