Денов туманида “Сайхунобод тажрибаси”ни жорий этиш ишлари ўрганилди
Давлатимиз раҳбарининг топшириғи билан республикамизнинг барча ҳудудларида аҳоли бандлигини таъминлаш, томорқадан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш, даромадларини ошириш ва камбағалликни қисқартириш борасида “Сайхунобод тажрибаси” жорий этилмоқда.
Бугун вилоятимиз ҳокими Улуғбек Қосимов бу борада амалга оширилаётган ишлар, аҳолининг томорқадан фойдаланиш тажрибаси билан танишиш ҳамда иш ўринлари яратаётган ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини кўздан кечириш мақсадида Денов туманига ташриф буюрди.
Дастлаб, вилоят раҳбари “Боғинав” маҳалласида “еттилик” фаолияти билан танишди ва уларнинг амалга оширган ишлари юзасидан ахборотларини тинглади. Маҳаллада аҳоли “оилабай” хатловдан ўтказилган бўлиб, ҳар бир хонадоннинг драйверини аниқлаган ҳолда ишлаш йўлга қўйилган. Янги ёндошувлар асосида аҳоли билан ишлашни йўлга қўйган “еттилик” фаолияти эътироф этилди.
Шундан сўнг, вилоят раҳбари маҳалладаги хонадонларда ҳам бўлиб, гулчилик, қулупнайчилик ва бошқа йўналишларда томорқадан фойдаланиш тажрибаси билан танишди. Бу борада катта тажрибага эга деҳқонлар ёшларга ўз билимларини ўргатишмоқда ва аҳоли ўз томорқаларида гул етиштириб, даромад олишни ўрганишмоқда. Вилоят раҳбари ижобий ишлар кўламини кенгайтириш лозимлигини қайд этди ва тажрибасини ёшларга ўргатаётган деҳқонларга ўз миннатдорчилигини билдирди. Масъулларга “Сайхунобод тажрибаси”ни жорий этиш ишларини жадаллаштириш вазифаси юкланди.
Кейинги манзилда вилоят раҳбари “Абдулфайз Фаровон Денов” оилавий корхонасининг политилен маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишди. Лойиҳа ташаббускори корхона фаолияти ҳақида тақдимот қилди. Корхонада ҳозирда хом ашёни бирламчи қайта ишлаб гранула ҳамда политилен пакетлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Вилоят раҳбари тўлиқ тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш лозимлигини таъкидлади ва масъулларга тадбиркор билан ишлаб, лойиҳани кенгайтириш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва турларини ошириш учун зарур ускуналарни олишга кўмаклашиш вазифасини топширди.
Ташрифнинг кейинги манзили “Наср снек” хорижий корхонасининг писта қадоқлаш лойиҳаси бўлди. Ишлаб чиқариш жараёнлари ва тайёр маҳсулотлар кўздан кечирилиб, тадбиркор билан суҳбат қилинди. Бу ерда ҳам вилоят раҳбари иш ўринларини ошириш учун лойиҳани кенгайтириш юзасидан таклиф ва тавсияларини берди.
Вилоят раҳбари “Намозгоҳ” маҳалласи ҳудудида қурилаётган бозорлар мажмуасида Денов туманидаги 52 гектар бўш ер майдонларини хатловдан ўтказиш, аукцион савдоларига чиқариш, янги лойиҳаларни амалга ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича мутасаддиларнинг ахборотини тинглади. Ер майдонларини, жумладан, бозорлар мажмуаси учун ажратилган ер майдонларини қонунчилик талаблари асосида тўлиқ хатловдан ўтказиш ва белгиланган талаблар асосида аукцион савдоларига қўйиш топширилди.
Ташриф якунида, “Термиз эркин иқтисодий зонаси”нинг Денов тумани “Қўзичоқли” массивида амалга оширилаётган лойиҳалари юзасидан ҳам масъулларнинг ахбороти тингланди. Ишларни жадаллаштириш, лойиҳаларни ишга тушириш юзасидан топшириқлар берилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz