Шеробод туманида “Сайхунобод тажрибаси”ни жорий этиш ишлари ва йирик лойиҳалар қурилиши билан танишилди

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов “Сайхунобод тажрибаси” асосида аҳоли хонадонларида амалга оширилаётган ишлар, савдо комплекси ва хизмат кўрсатиш нуқталари қурилиши ҳамда янги лойиҳалар тақдимоти билан танишиш мақсадида Шеробод туманига ташриф буюрди.

Дастлаб, туманнинг “Катта ҳаёт” маҳалласида қурилаётган, лойиҳа қиймати 20 млрд сўмлик “Шеробод кўп тармокли савдо комплекси” МЧЖнинг савдо мажмуаси билан танишилди. Лойиҳа тўлиқ ишга туширилгач 80 та янги иш ўринлари яратилади ҳамда йиллик хизмат кўрсатиш ҳажми 7,2 млрд сўмни ташкил этади. Вилоят раҳбари лойиҳада белгиланган режаларни тўлиқ ва муддатида бажариш бўйича кўрсатмалар берди.

Шундан сўнг, вилояти раҳбари туманнинг марказий деҳқон бозорида сотувчи ва харидорлар учун яратилган шароитлар, озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини кўздан кечирди. Бозор ҳудудида савдо-сотиқ ишлари етарлича тартибга солинмаганлиги танқид қилинди. Мутасаддиларга ҳудудда тартиб ўрнатиш, маҳсулотлар сотувида санитария қоидаларига риоя қилиш, етарли шароитлар яратиш вазифаси топширилди.

Ташриф туманнинг “Боғиобод” маҳалласида давом этди. “Темур цемент таъминот” МЧЖ томонидан меҳмонхона, нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш, тикувчилик цехи, ўқув маркази, автотеххизмат ва савдо нуқталарини ташкил этиш лойиҳаси билан танишилди. Амалга оширилаётган ишлар ва яратиладиган иш ўринлари бўйича мутасаддилар ахборот беришди. Қурилиш ишларини жадаллаштириш, лойиҳаларни бир ой муддатда ишга тушириш кўрсатмаси берилди.

Вилоят раҳбарига “Боғиобод” маҳалласи “еттилиги” томонидан амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар тақдимот қилинди. Маҳаллада “Сайхунобод тажрибаси” асосида аҳоли хонадонларида амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди. Жумладан, ўз томорқасида чорвачилик, асаларичилик, паррандачилик ва анор етиштириш билан шуғулланиб келаётган Анвар Лолаев хонадонида бўлинди. Ушбу хонадон мисолида томорқадан самарали фойдаланиш, кредит пакетлари ажратиш орқали даромадли лойиҳаларни йўлга қўйиш юзасидан тақдимот қилинди.

Жумладан, асаларичиликнинг иқтисодий самарадорлиги, камхаражат билан яхши даромад топиш мумкинлиги қайд этилди. Шунга асосан, маҳаллада кооперация асосида асаларичиликни йўлга қўйиш мақсадида “Шеробод асал бир” оилавий корхонаси томонидан ҳар бир оилага 5 тадан, жами 50 та хонадонга 250 та асалари уялари тарқатилди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.