Пиёз ва бошқа маҳсулотларни сотиб олиш учун учта ҳудудда қабул пунктлари ташкил қилинади
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Музработ туманига ташриф буюриб, ғалладан бўшаган ер майдонларини ишсиз ёшларга деҳқончилик қилиш учун ажратиш тадбирида иштирок этди.
Хусусан, туманнинг “Деҳқонобод” ҳудудидаги “Қосимов Исохон” фермер хўжалигининг ғалладан бўшаган 10 гектар майдони 20 нафар оталиққа олинган ёшларга 50 сотихдан бўлиб берилди. Ажратилган ер майдони шудгорланиб, экин экиш учун тайёр ҳолатда, “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида етиштириладиган маҳсулот уруғлари билан берилди. Шунингдек, кўмакка муҳтож, оилавий шароити оғир бўлган 20 нафар хотин-қизларга 250 килограмдан буғдой тарқатилди.
Вилоят раҳбари бу борадаги ишларни изчил давом эттирган ҳолда ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни қўшимча даромадга эга бўлишлари учун зарур шароит яратиш вазифаларини топширди.
Шундан сўнг, Россиянинг “Лето” компанияси таъсисчилигидаги “Bless S.R” МЧЖ қўшма корхонаси томонидан 200 гектар майдонда ташкил этилган иссиқхона, агрологистика маркази ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш фаолияти билан танишилди. Умумий қиймати 35 млн долларлик ушбу лойиҳа доирасида замонавий агрологистика марказини ташкил этиш ишлари давом эттирилаётган бўлиб, корхонанинг 200 гектар майдондаги барча лойиҳалари ишга туширилгач 350 та иш ўрни яратилади.
Вилоят раҳбари шу ернинг ўзида воҳада карам ва пиёз маҳсулотлари етиштирувчи йирик деҳқон хўжаликлари ҳамда тадбиркорлар билан учрашув ўтказди. Унда келгусида харидоргир, хорижий мамлакатларда талаб юқори бўлган экспортбоп маҳсулотлар етиштириш лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, Россия ҳудудлари билан эришилган келишувга асосан вилоятимиз деҳқонлари томонидан етиштирилган пиёз маҳсулотларини харид қилиш, экспортини ташкил этиш, бунинг учун вилоятнинг учта ҳудудида қабул пунктлари фаолияти йўлга қўйилганлиги маълум қилинди. Масъулларга бу борадаги ишларни сифатли ва тизимли ташкил этиш топширилди.
Ташриф якунида Халқ йўли маҳалласи ҳудудидаги Навбаҳор деҳқон ва чорва моллари бозоридаги шароитлар кўздан кечирилди. Сотувчи ва харидорлар учун етарли шароитлар мавжуд эмаслиги, савдо жойлари тартибга келтирилмаганлиги ҳамда санитария-гигиена талабларига риоя қилинмаганлиги танқид қилинди. Туман раҳбарлари ва мутасаддиларга бозорни замонавий кўринишга келтириш, ҳудудни ободонлаштириш, сотув нуқталарини зарур шароитлар билан таъминлаш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиб тақдимот қилиш вазифаси юкланди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz