Сурхондарёдаги умумтаълим мактабларини янги ўқув йилига тайёрлаш учун 6,5 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратилди
Бугун вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов раҳбарлигида Жарқўрғон туманидаги 36-сонли мактабда воҳадаги умумий ўрта таълим мактабларининг 2024-2025 ўқув йилига тайёргарлигига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Видеоконфренцалоқа шаклида ўтказилган семинарда таълим соҳаси масъуллари, бошқарма бошлиқлари, шаҳар ва туманлар студияларидан сектор раҳбарлари, мутасаддилар ҳамда мактаб директорлари иштирок этди.
Семинарда мактабларни янги ўқув йилига пухта тайёрлаш, таълим сифатини яхшилаш борасидаги масалалар муҳокама қилинди. Вилоят раҳбари ўқитувчиларни ҳар қандай вазиятда ҳам ўз вазифасига кирмайдиган ишларга жалб қилишга қўймаслик лозимлигини, мактабларни янги ўқув йилига тайёрлаш маҳаллий ҳокимликлар ва мутасадди ташкилотлар вазифаси эканлигини яна бир бор таъкидлади.
Вилоятдаги жорий таъмирга муҳтож, янги ўқув йилига тайёрлаш учун маблағ талаб қилиналиган 862 та мактаб учун жами 6 млрд 517 млн сўм маблағ маҳаллий бюджетдан ажратилиб, 5 турдаги қурилиш материаллари харид қилинди. Семинар якунида барча ҳудудларда таъмирланиши режалаштирилган мактаблар директорларига мазкур қурилиш материаллари топширилди ва мутасаддиларга таъмирлаш ишларини қисқа фурсатларда якунлаш вазифаси юкланди.
Шунингдек, вилоят раҳбари битирувчилари энг кўп олий таълим муассасаларига кирган учта мактаб ҳамда учта мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари янги ўқув йилининг бошланиш кунида вилоят ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланишини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили вилоятдаги мактабларни янги ўқув йилига тайёрлаш учун 11 млрд 195 млн сўм маблағ ажратилиб, 7 турдаги қурилиш материаллари харид қилинган эди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz