Бойсунда йирик лойиҳалар ва сув омбори қурилиши билан танишилди. Ёшларга янги уй-жойлар калити топширилди

Вилоятимизнинг ҳар бир ҳудудидан биттадан жами 15 та оғир шароитдаги, “қизил” тоифага кирувчи маҳаллалар танлаб олиниб, инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Бойсун туманида Тиллакамар маҳалласи танлаб олинган бўлиб, ҳозирда ҳудудда ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовнинг Бойсун туманига ташрифи ушбу маҳаллада амалга оширилаётган ишлар билан танишувдан бошланди. Туман секторлари раҳбарлари, бириктирилган мутасаддилар ҳамда маҳалла “еттилиги” ҳудудда амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берди. Таъкидланганидек, маҳаллада 6 км ички йўлларни тошлаш, 50 та бетон устун ўрнатиш, 2 км тармоқни янгилаш, 2 та трансформатор пункти ва 35 та кўча чироқларини ўрнатиш ҳамда 160 ўринли мактаб ўқув биносини таъмирлаш ишлари режа қилинган.

Вилоят раҳбари масъулларнинг ахборотларини тинглаб, ишларни сифатли ташкил этиш, бир ой муддатда маҳаллани “қизил”дан “яшил” тоифага ўтказиш топшириғини берди. Маҳалла аҳолиси билан суҳбат чоғида нуронийлар ҳудуддаги ўзгаришлардан, кўп йиллик муаммолар ҳал этилаётганлигидан мамнунларини билдиришди.

Шундан сўнг, маҳаллада жойлашган 8-сонли мактаб биносида коммунал соҳа масъуллари жорий йил 10 июнь куни Президентимиз ҳузурида энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда энергетика соҳаси объектларининг куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган селектор йиғилишида берилган топшириқларнинг вилоятдаги ижроси юзасидан тақдимот қилишди.

Хусусан, электр энергияси ва газ таъминоти масъуллари белгиланган топшириқларга асосан амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги режалар юзасидан ахборот берди. Аҳоли ўртасида энергия ресурсларидан тежамкор фойдаланишни тарғиб қилиш, тушунтириш ишларини олиб бориш, ижтимоий соҳа объектлари, саноат корхоналарида энергия тежамкор технологияларни жорий қилиш, қайта тикланувчи манбалардан фойдаланишни янада ошириш топшириғи берилди.

Тақдимот давомида шаҳар ва туманлар ҳокимларининг қурилиш соҳасига масъул ўринбосарлари ҳудудларда танлаб олинган қишлоқ маҳаллаларида Бошқарув сервис компаниялари фаолиятини ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисобот беришди. Танлаб олинган ҳудудларда БСКларнинг самарали ва сифатли фаолиятини ташкил этган ҳолда тизимда намуна яратиш вазифаси юкланди.

Тақдимотлар билан танишувдан сўнг вилоят раҳбари иштирокида “Зоом” платформаси орқали Термиз шаҳри ва туманларда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож, давлат ғамхўрлигига олинган 56 нафар ёшга уй-жой калитларини топшириш тадбири бўлиб ўтди. Жумладан, Бойсун туманидаги 4 нафар ёшга уй-жойлар сертификати топширилди. Ёшларнинг яқинлари уй-жойларнинг берилиши Қурбон ҳайити олдидан катта совға бўлганини, давлат томонидан ота-онасиз қолган фарзандларга кўрсатилган бу каби ғамхўрликдан миннатдор эканликларини таъкидлашди.

Вилоят раҳбари туманга ташрифи давомида Кофрун маҳалласида барпо этилаётган “Хангаронсой” сел-сув омбори қурилиши билан ҳам танишди. Ҳозирда иккинчи босқичи амалга оширилаётган лойиҳанинг ишга туширилиши натижасида ҳудудда янги экин майдонларини ўзлаштириш, мавжудларидан йил давомида ҳосил олиш имконияти яратилади. Вилоят раҳбари қурилиш-таъмирлаш жараёнларини кўздан кечириб, биринчи навбатда қурилиш нормаларига қатъий риоя қилиш, ҳудуд хавфсизлигини таъминлаш учун сув омбори қирғоқларини мустаҳкам қилиб қуришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини қайд этди. Шунингдек, ҳудуддаги “Жийдали ота” ёдгорлиги зиёрат қилиниб, ўтганлар ҳақига Қуръон тиловат қилинди, юртимиз тинчлиги ва фаровонлигини сўраб дуога қўл очилди.

Кейинги манзилда ушбу маҳаллада “Surhan Gas Chemical Operating Company” хорижий корхонаси томонидан 100 гектар ер майдонини фойдаланишга киритиш орқали боғ яратиш лойиҳаси билан танишилди. Бугунги кунда ушбу ернинг 10 гектарида барча агротехник ишлар бажарилган ҳолда 15 минг тупга яқин 6 турдаги мевали кўчатлар экилиб, боғ яратилган.

Шундан сўнг, “Surhan Gas Chemical Operating Company” хорижий корхонаси томонидан “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ-кимё мажмуасини барпо этиш ишлари кўрилди. Лойиҳа қурилиши бўйича вилоят раҳбарига ахборот берилди. Қиймати 2,9 миллиард доллар бўлган мажмуа йилига 5 миллиард метр куб газни қазиш ва қайта ишлаш қувватига эга бўлади. Ҳозиргача конни ўзлаштиришга 1 миллиард 450 миллион долларлик инвестиция жалб қилиниб, 20 та қудуқда бурғилаш ишлари якунланган ҳамда 11 та газ қудуғи синовдан муваффақиятли ўтказилган.

Ташриф давомида вилоят раҳбари давлат аҳамиятидаги 4Р-100 ва 4Р-105 “Мангузар–Жарқўрғон–Бандихон–Олтинсой–Денов” автомобил йўлининг 111 км қисмида цементо-бетон қопламаси ётқизиш ишларининг бориши ҳамда туманнинг Инкобод маҳалласи ҳудудида “Кемпинг” хизматлари кўрсатувчи туризм мажмуаси қурилиши билан танишди. Масъулларга қурилиш-таъмирлаш ишлари устидан доимий назорат ўрнатиш вазифаси топширилди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.