Олтинсойда аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлаш борасидаги ишлар ўрганилди

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов амалга оширилаётган лойиҳалар, янги ташаббуслар тақдимотлари, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар билан танишиш мақсадида Олтинсой туманига ташриф буюрди.

Дастлаб, туманнинг Оқарбулоқ маҳалласида сектор раҳбарлари туманда олиб борилаётган ишлар ҳамда ғалла ўрими жараёнларининг бориши бўйича ахборот беришди. Шундан сўнг маҳалла ҳудудидаги “Ширин ЭЖЮ” фермер хўжалигининг ғалладан бўшаган майдонидан ишсиз, оталиққа олинган, “Ёшлар дафтари”да турган ёшлар учун ер ажратиш, кўмакка муҳтож оилаларга буғдой тарқатиш тадбирлари бўлиб ўтди.

Вилоят раҳбари йиғилганларни Қурбон ҳайити байрами билан табриклаб, аёллардан фарзандларининг таълим-тарбиясига қаттиқ эътибор қаратишни, ёшлардан берилган ер майдонларидан унумли фойдаланишни сўради. Масъулларга ажратиб берилган ер майдонларини экин экишга тайёрлаб бериш вазифаси топширилди.

Шундан сўнг, Бўстон маҳалласида инфратузилмани яхшилаш, ҳудудни оғир тоифадан чиқариш борасида амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди ҳамда маҳалланинг Бўстон кўчасида войиш усулида узум етиштириш лойиҳаси билан танишилди. Сектор раҳбарлари ва маҳалла “еттилиги” амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар, маҳаллада Бошқарув сервис компанияси фаолиятини ташкил этиш бўйича берилган топшириқлар ижроси юзасидан ҳисобот беришди. Шунингдек, маҳалладаги ишсиз ёшлар ва хотин-қизларга субсидия асосида тикувчилик дастгоҳлари ҳамда бошқа асоб-ускуналар топширилди.

Маҳалла бўйлаб юрилиб, аҳоли даромадларини ошириш бўйича таклиф этилаётган лойиҳалар, хусусан, “Туяқуш тиллолари” оилавий корхонасининг туяқуш боқишни ташкил этиш лойиҳаси тақдимот қилинди. Тадбиркор вилоят раҳбарига туяқуш боқишнинг афзалликлари, иқтисодий самарадорлиги ҳамда ундан олинадиган тухум, тери ва гўштнинг хусусиятлари ҳақида ахборот берди. Тажрибани оммалаштириш лозимлиги қайд этилди. Бундан ташқари, аҳоли хонадонларида иссиқхоначилик ва чорвачилик фаолиятлари билан ҳам танишилди.

Вилоят раҳбари ушбу маҳалла ҳудудида “Бек металл продуктион” МЧЖ қўшма корхонаси томонидан энергия тежамкор иссиқхоналар ташкил этиш лойиҳаси билан танишди. Эътиборлиси иссиқхона маҳаллий жундан тўқилган мато - кигиз билан иситилади. Тадбиркорлар ўзгача шаклда қурилган иссиқхонанинг қулайлиги, энергия тежамкорлиги ҳамда иқтисодий самарадорлиги ҳақида ахборот беришди.

Шунингдек, қўшма корхона томонидан ишлаб чиқарилётган маҳсулотлар билан танишилди. Ушбу фаолият турларини кенгатириш бўйича тегишли тавсия ва топшириқлар берилди.

Кейинги манзилда “Хурсанд Содиқов” фермер хўжалигида ғалла ўрим жараёнлари билан танишилиб, мавсумда фаоллик билан иштирок этаётган комбайн операторлари ҳамда механизаторларга вилоят ҳокимлигининг совғалари топширилди.

Ташриф якунида тумандаги “Дегрез” сув омбори ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилган экотуризм лойиҳалари, хизмат кўрсатиш нуқталари ташкил этиш бўйича тақдимотлар билан танишилди. Лойиҳалар юзасидан тегишли тавсиялар берилди ҳамда ҳудуднинг мавжуд имкониятларидан самарали фойдаланиш, инфратузилмани яратиш ҳамда истиқболли лойиҳаларни танлаб олиб, амалга ошириш кўрсатмаси берилди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.