Президент топшириғи ижроси: Қизилсув дарёси бўйида ёшлар сайилгоҳи барпо этилмоқда
Куни-кеча Президентимиз ҳузурида ёшлар сиёсати соҳасида амалга оширилган ишлар сарҳисоби, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Сурхондарё тажрибаси асосида ёшлар саноат зоналарида саноат биноларини қуриш топшириғи ҳам берилганди.
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳудудларда ёшлар билан ишлаш, уларга муносиб шарт-шароитлар яратиш, ёшлар саноат зоналарида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда тақдимотлар билан танишиш мақсадида Денов туманига ташриф буюрди.
Дастлаб, туман марказидан ўтувчи Қизилсув дарёси ўзанини тозалаш, қирғоқларини мустаҳкамлаш ҳамда ёшлар сайилгоҳини ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишилди. Вилоят қурилиш штаби масъуллари томонидан аввалги ташрифларда берилган топшириқлар, жумладан, дарё атрофи, қирғоқлари ҳамда ўзанларини тозалаш, чиқиндиларни олиб чиқиш борасидаги ишлар юзасидан ахборот берилди.
Ишларни жадаллаштириш, ёшларнинг ўз бизнесини йўлга қўйишлари, уларнинг сайр қилиши, маданий ҳордиқ чиқариши, шунингдек, китоб ўқиши учун шароитлар яратиш, сайилгоҳ ҳудудида кутубхона ташкил этиш вазифалари белгилаб берилди.
Шундан сўнг, шу ернинг ўзида шаҳар ва туманлар ҳокимлари ҳамда ҳудудлардан ташриф буюрган фаол ёшлар билан мулоқот қилинди. Ҳокимлар томонидан ҳудудларда ёшлар кўчасини ташкил этиш лойиҳаси тақдимот қилинди. Вилоят раҳбари ўзининг таклиф ва тавсияларини бериб, ҳудудларда ёшлар кўчалари ва сайилгоҳларни фаол ва лидер ёшларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда уларнинг тавсияси асосида ташкил этиш лозимлигини қайд этди.
Кейинги манзилда, Кўзичоқли маҳалласида ташкил этилаётган “Ёшлар тадбиркорлик ва саноат зонаси”да амалга оширилаётган ишлар ва янги лойиҳалар билан танишилди. Шунингдек, Президентимизнинг топшириғига асосан ҳар бир туманда ушбу тажриба асосида ёшлар саноат зоналари ва саноат биноларини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Ташриф якунида туманда 17 гектар майдонда умумий қиймати 576 млрд сўм, шундан 11 млн доллари хорижий инвестиция бўлган 8 та лойиҳани ўз ичига олган “Термиз” эркин иқтисодий зонасининг Денов туманидаги Кўзичоқли ҳудудида амалга оширилаётган ишлар, йўлга қўйилаётган корхоналар фаолияти билан ҳам танишилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz