Президент топшириғи – амалда: Қишлоқ маҳаллаларида БСКлар фаолияти йўлга қўйилмоқда
Жорий йил 10 июнь куни Президентимиз ҳузурида энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда энергетика соҳаси объектлари куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида қатор топшириқлар, жумладан, қишлоқ маҳаллаларида ҳам бошқарув сервис компаниялари фаолиятини ташкил этиш вазифаси белгилаб берилган эди.
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов белгилаб берилган топшириқларга асосан воҳамизнинг ҳар бир ҳудудидан танлаб олинган оғир тоифадаги маҳаллаларда бошқарув сервис компаниялари фаолиятини ташкил этиш, туманларда энергия тежамкорлиги борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда турар жойлар массивларининг қурилиши билан танишиш мақсадида Термиз, Ангор ва Жарқўрғон туманларида бўлди.
Дастлаб, Термиз туманида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивида турар жойлар, ижтимоий соҳа объектлари қурилиши, “Янги Ўзбекистон” боғини бунёд этиш борасидаги ишлар кўздан кечирилди. Ҳудуд раҳбарлари, соҳа мутасаддилари ҳамда пудратчиларнинг олиб борилаётган ишлар ҳамда олдинги ташрифларда кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан ҳисоботи тингланди.
Шундан сўнг, вилоят раҳбари Ангор туманига ташриф буюриб, 11-сонли мактабгача таълим ташкилоти биносини реконструкция қилиш, “Янги Ўзбекистон” массиви ҳамда унга туташ ҳудудда реновация асосида турар жойлар қурилишини кўздан кечирди. Туманнинг оғир ҳудуди сифатида танлаб олинган Юқори хўжақия маҳалласида янгидан ташкил этилган БСК фаолияти билан танишилди. Шу ернинг ўзида электр ва газ таъминоти корхоналари мутасаддиларининг энерготежамкорлик масаласида олиб бораётган ишлари ҳамда келгусидаги режалари юзасидан тақдимотлари кўриб чиқилди.
Вилоят раҳбари Жарқўрғон туманида ҳам бўлиб, Қораёнтоқ маҳалласида жойлашган “Янги Ўзбекистон” массивидаги турар жойлар қурилиши, шунингдек, шу маҳалланинг ўзида ташкил этилган “Янги ёшлар массиви” БСК фаолияти билан танишди. БСК фаолиятини кенгайтириш, жумладан, автомобил ва гилам ювиш хизматлари нуқталарини ташкил этиш орқали янги иш ўриларини яратиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Ҳудудларга ташриф якунида вилоят раҳбари Денов туманида ҳам бўлиб, эски бозор ўрнида “Денов МОЛ савдо маркази”ни қуриш бўйича хорижий инвесторларнинг тақдимотлари ҳамда янги бозор ташкил этиш лойиҳалари билан танишди. Лойиҳалар тақдимоти юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz