Маданият, маданий мерос объектлари ҳамда хотин-қизлар бандлиги ва муаммолари ўрганилди

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз шаҳри ва Термиз туманида қатор объектлар билан танишди ҳамда ажрим ёқасидаги оилалар, шунингдек, пробация ҳисобида турган хотин-қизлар муаммоларини ўрганди.

Дастлаб, Термиз шаҳридаги Санъат коллежининг янгидан таъмирдан чиқарилган ўқувчилар турар жойи ва ундаги шароитлар билан танишилди. Ётоқхона, коллеж атрофидаги ҳудудларни ободонлаштириш, тартибга келтириш бўйича масъулларга вазифалар юкланди.

Шундан сўнг, Термиз шаҳри Дўстлик маҳалласида 32 нафар хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаган тадбиркор Ситора Магадованинг қандолатчилик цехи фаолияти билан танишилди. Вилоят раҳбари тадбиркорга ўз миннатдорчилигини билдириб, фаолиятини кенгайтириш, иш ўринлари сонини ошириш учун барча зарур кўмакларни кўрсатишга тайёрлигини таъкидлади. Масъулларга Президентимиз сиёсатининг асосий йўналишларидан бири хотин-қизлар бандлигини таъминлаш эканлигини, шунга асосан, Ситора Магадова каби тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг сонини янада кўпайтириш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Вилоят раҳбари Термиз шаҳрида объектлар билан танишиш давомида Алпомиш маҳалласида ажрим ёқасига келиб қолган оила муаммоларини ўрганди. Бир оиланинг бузилишини жамиятда фожеа сифатида қараш, ўзбек миллати менталитети ва қадриятларида оила муқаддас эканлигини чуқур англаш лозимлиги таъкидланиб, ажрим ёқасидаги оилаларда маҳалла “еттилиги”, фаоллар, нуронийлар билан тушунтириш ишларини олиб бориб, яраштириш чораларини кўриш топширилди.

Шундан сўнг “Қирққиз” маданий мерос объектида олиб борилаётган рестоврация ишлари, ҳудудни ободонлаштириш, ташриф буюрувчилар учун зарур шароитлар яратиш борасидаги ишлар кўздан кечирилди. Ўзига хос тарихий обида саналган объектни сақлаш, туризм имкониятларидан самарали фойдаланиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Кейинги манзилда вилоят раҳбари Термиз туманида пробация ҳисобида турган хотин-қизлар билан учрашув ўтказди. Термиз архитектура ва қурилиш техникумида ўтказилган учрашувда ушбу тоифадаги хотин-қизлар муаммолари тингланди. Қилинган биргина хато сабаб аёл деган муқаддас номга доғ бўлган бу каби ишлардан қайтиш, соғлом турмуш кечириш юзасидан тушунтиришлар берилди. Туман мутасаддиларига рўйхатдаги хотин-қизлар билан манзилли ишлаб, соғлом турмуш тарзига қайтиши ва бошқа муаммоларини ҳал этиш учун яқиндан кўмак кўрсатиш вазифалари топширилди.

 

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.