Шерободда тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ишлар ўрганилди

Аҳолининг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш борасида Президентимизнинг “Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Сурхондарёда янги лойиҳалар амалга оширилмоқда ҳамда “Сайхунобод” тажрибасини жорий этиш ишлари давом этмоқда.

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бу борада амалга оширилаётган ишлар, йўлга қўйилаётган лойиҳалар билан танишиш мақсадида Шеробод туманига ташриф буюрди.

Вилоят раҳбари туманга ташрифини Дўстлик маҳалласида фаолият юритаётган “Имрон голд файз” МЧЖнинг мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишишдан бошлади. Корхонада ногиронлиги бўлган фуқаролар бандлиги таъминлангани учун қатор имтиёзлар берилган. Вилоят раҳбари тадбиркорга бу борадаги ишлари учун миннатдорчилик билдириб, фаолиятини янада кенгайтириш бўйича тавсияларини берди.

Шундан сўнг, Балхигузар маҳалласида кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш комплекс дастури орқали олинган имтиёзли кредит маблағи эвазига ташкил этилган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти билан танишилди. Яратилган шароитларни кўздан кечирган вилоят раҳбари, лойиҳа ташаббускорига миннатдорчилик билдирди ҳамда бу каби лойиҳалар болаларни тўлиқ боғчага қамраб олишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Шунингдек, маҳалла “еттилиги” томонидан амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режалар тақдимоти билан танишилди. Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, даромадларини ошириш борасида масъулларнинг ахборотлари тингланди. Бу борада амалга оширилаётган ишлар Иброхим Абдуламедов ва Муродулла Тўрабоев хонадонлари мисолида кўздан кечирилди. Ушбу хонадонларда балиқчилик, ўрдакчилик, қурут тайёрлаш ҳамда балиқ пишириб сотиш хизматлари ташкил этилган. Вилоят раҳбари мутасаддиларга “Сайхунобод” тажрибасини намунали жорий этиш бўйича вазифаларни белгилаб берди.

Маҳалла бўйлаб танишув давомида вилоят раҳбари оилавий шароити оғир бўлган хонадонда ҳам бўлиб, хонадон соҳибаси билан суҳбатлашди ҳамда муаммоларини тинглади. Мутасаддиларга оиланинг муаммоларини ҳал этиш, турар жой шароитларини яхшилаш, уйини таъмирлаш ҳамда оила аъзоларидан бирини даволанишига кўмаклашиш вазифалари топширилди. Шунингдек, оилани даромадли қилиш учун қорамол олиб бериш ҳамда томорқасидан иссиқхона қуриш топшириғи берилди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.