Тест синовлари ўтказиладиган бинолардаги шароитлар ўрганилди. Деновда ёшлар билан учрашув ўтказилди
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз шаҳри ва Денов туманида олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест синовлари ўтказиладиган объектларда яратилган шароитлар ва уларнинг жараёнларга шайлик ҳолати билан танишди.
Хусусан, Термиз шаҳрида “Сурхон” спорт мажмуаси тест синовлари ўтказиш учун тайёрланган повильонлар ҳамда Рўзи Чориев номидаги Сурхондарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида абитуриентларнинг ота-оналари ва яқинлари учун кутиш жойлари кўздан кечирилди. Тест синовларини оммавий топшириш учун қулай, алоҳида ўриндиқли повильонлар ҳамда ота-оналарнинг кутиш жойларида жараёнларни бевосита кузатиб бориш учун мониторлар ўрнатилган. Шунингдек, кутиш жойларида маданий ҳордиқ олиш жойлари ташкиллаштирилган.
Вилоят раҳбари ҳудудларга ташрифини Денов туманида давом эттириб, тест синовлари учун тайёрланган Денов тадбиркорлик ва педагогика институти, жамоат саломатлиги техникуми ва туман Спорт мактаби спорт залларидаги мавжуд шароитлар билан ҳам танишди. Масъулларга синовлар ўтказиладиган ва кутиш жойларида қўшимча қулайликларни яратиш юзасидан тавсиялар берилди.
Шундан сўнг, Денов тадбиркорлик ва педагогика институтида “Ҳоким ва ёшлар учрашуви” ўтказилди. Тадбирда 260 га яқин ёшлар иштирок этишиб, ўзларининг мурожаат ва таклифларини билдиришди. Ёшлар билан ўтказилган очиқ ва самимий мулоқот давомида билдирилган таклифлар ва кўтарилган масалаларни ҳал этиш бўйича мутасаддиларга вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, олий таълим муассасаларини аъло баҳоларга тамомлаган бир гуруҳ битирувчиларга дипломлар тантанали топширилди.
Денов туманига ташриф якунида Қизилсув дарёси бўйида ёшлар сайлгоҳини ташкил этиш ишларининг бориши билан ҳам танишилди. Масъуллар белгилаб берилган топшириқлар ижроси юзасидан ахборот берди. Ишларни сифатли ва тизимли ташкил этиш, жадаллаштириш бўйича янги вазифалар топширилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz