Деновда “Сайхунобод” ва “Уйчи тумани” тажрибаларини жорий этиш ишлари ўрганилди
Россия Федерациясининг Челябинск ва Новосибирск вилоятларига ташрифини якунлаб, Термизга қайтиб келган Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бугун лойиҳаларнинг бориши, берилган топшириқлар ижроси, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ишлар билан танишиш ҳамда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш тадбирларида иштирок этиш учун Денов туманига ташриф буюрди.
Дастлаб, Қизилсув дарёси бўйида ёшлар сайлгоҳи ва туризм маскани ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди. Лойиҳа доирасидаги ишларнинг бориши ҳамда аввалги ташрифларда берилган топшириқлар ижроси юзасидан мутасаддилар ахборот берди.
Шундан сўнг, туман марказидаги “Эко” боғда вилоят Халқ қабулхонасининг “Мурожаатдан - даромадга” лойиҳаси доирасида Денов туманида истиқомат қилувчи 100 нафар ишсиз хотин-қизларга тикувчилик дастгоҳлари топшириш тадбирида иштирок этилди. Вилоят раҳбари хотин-қизлар бандлигини таъминлаш юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири эканлигини таъкидлаб, яратиб берилаётган имкониятдан унумли фойдаланиш зарурлигини қайд этди.
Ушбу лойиҳа доирасида воҳамиздаги 91 та маҳаллада истиқомат қилувчи 505 нафар ишсиз хотин-қизларнинг ўзини ўзи банд қилиши учун шароит яратиш мақсадида тикувчилик дастгоҳлари топширилди.
Шунингдек, шу ернинг ўзида тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда камбағалликни қисқартириш борасида “Сайхунобод” ва “Уйчи тумани” тажрибаларини жорий этиш юзасидан кўргазмали семинар ўтказилди. Хусусан, ҳудудларда тажриба асосида қилинган ишлар, маҳсулотлар етиштириш ишлари тақдимот қилинди.
Вилоят раҳбари туманга ташрифини Ўрикзор маҳалласида давом эттирди ҳамда “Сайхунобод” ва “Уйчи тумани” тажрибаларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган лойиҳаларни кўздан кечирди. Жумладан, “Denov Durdona ABZ” хусусий корхонасининг эшик-ойна ромлари ишлаб чиқариш, “Petrochin agro” МЧЖ томонидан Туркия давлатининг “Ekolagic Tarm” компанияси билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги ўсимликларини ҳимоя қилиш комплекс ўғитлари етказиб бериш лойиҳаси ва “Gold mebel” ЯТТнинг мебел маҳсулотлар тайёрлаш ҳамда “Мега мастер Денов” оилавий корхонасининг гипс маҳсулотлари ва сунъий гул безаклари ясаш фаолияти билан танишилди. Лойиҳаларни кенгайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, иш ўринларини кўпайтириш борасида зарур тавсиялар берилди.
Шунингдек, Ўрикзор маҳалласида кичик бизнесни кўллаб-қувватлаш дастури доирасида ажратилган 100 млн сўм имтиёзли кредит маблағи эвазига “Қораев Акмал” ЯТТ томонидан йўлга қўйилган фасфуд ва ярим тайёр маҳсулотлар тайёрлаб сотиш хизматини кўрсатиш нуқтаси фаолияти билан ҳам танишилди.
Вилоят раҳбари туманга ташрифи якунида Водий маҳалласида бўлиб, “Нематулло тех хизмат” хусусий корхонаси томонидан ташкил этилган спорт мажмуаси фаолияти билан ҳам танишди. Ҳудуддаги ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун яратилган шароитлардан мамнун бўлган вилоят раҳбари тадбиркорга ўз миннатдорчилигини билдирди ҳамда лойиҳани ривожлантириш бўйича таклифларини тинглади. Тадбиркорнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, кредит маблағлари ажратиш масаласини ҳал этиш бўйича масъулларга вазифалар белгилаб берилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz