Сурхондарё делегацияси Хебей провинсиясидаги йирик компания ва логистика марказлари фаолияти билан танишди
Айни вақтда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бошчилигидаги делегациямиз Хебей маркази Шижиазҳуанг шаҳрида бўлиб турибди. Бугун делегация ушбу провинсиядаги қатор ишлаб чиқариш компаниялари, халқаро қуруқ порт логистика марказлари ҳамда илмий ва юқори технологиялар парклари фаолияти билан танишди.
Хусусан, дори-дармонлар ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи “Shijiazhuang Dukang Medical Eqiupment Co., Ltd” компаниясига ташриф буюрилди. Компания ўз фаолиятини 1992 йилда бошлаган бўлиб, 14 турдаги дори воситаларини ишлаб чиқаради ва дунё бўйлаб етказиб беради.
Шундан сўнг, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ўғитлар ишлаб чиқарувчи “Hebei Mengbang” компанияси фаолияти билан танишилди. Вилоятимиз раҳбари компания расмийлари билан ўтказилган музокараларда Сурхондарё вилоятида минерал ўғитлар ишлаб чиқариш учун зарур шароитлар ва етарли хом ашё захираси мавжудлигини таъкидлаб, ҳамкорликда янги лойиҳаларни йўлга қўйишни таклиф этди.
Ўз навбатида “Hebei Mengbang” компанияси ушбу ташаббусга катта қизиқиш билдириб, томонларнинг етакчи мутахассислари иштирокида лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Шунингдек, делегациямиз Шижиазҳуанг шаҳри халқаро қуруқ портига ташриф буюриб, логистика марказлари фаолияти билан ҳам танишди. Халқаро қуруқ порт темир йўл ва автомобил йўллари орқали маҳсулотларни нафақат Хитой, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларига экспорт қилишда муҳим ўрин тутади.
Сурхондарё делегациясининг Хитойга ташрифи эртага Пекин шаҳрида давом этади.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz